Ўзбекистон ва Қозоғистон Оролбўйи аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма дастурларни амалга оширади
Август 25, 2025. 12:17 • 2 дақ
• 371
ОСТОНА, 25 август. /"Дунё"АА/. Мамлакатимиз элчиси Бахтиёр Ибрагимов Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Ақмарал Альназарова билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мулоқот чоғида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, жумладан Оролбўйи аҳолиси саломатлигига таъсир этувчи экологик омилларни бартараф этишга қаратилган қўшма дастурлар муҳокама қилинди.
Жумладан, Оролбўйи минтақаси учун профилактика ва саломатликни яхшилашга қаратилган қўшма дастур доирасида 2026 йил апрель ойида Остонада ўтказилиши режалаштирилган минтақавий экологик саммитга тайёргарликнинг бориши кўриб чиқилди.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, мазкур тузилма вакилларининг шу йил 15-16 сентябрь кунлари Қорақалпоғистонга бўлиб ўтадиган амалий сафари доирасида янги лойиҳани бошлаш ва уч томонлама битимни имзолаш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, томонлар Нукус шаҳрида диагностик лабораториялар тармоғини яратиш ва уни қозоғистонлик салоҳиятли компания бошқарувига бериш ташаббусини қўллаб-қувватладилар.
Ўзбекистон Президентининг 2024 йил август ойида Остонага қилган ташрифи якунлари бўйича ишлаб чиқилган "йўл харитаси"га киритилган лойиҳаларнинг амалий ижроси кўриб чиқилди.
Мулоқот якунида Санитария-эпидемиология соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг янгиланган таҳририни тезкор келишиш ва имзолашга тайёрлаш ва бошқалар тўғрисида келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси