Деҳли шаҳрида Ўзбекистонда ҳинд кинофильмларини суратга олишни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди
Февраль 14, 2024. 07:53 • 2 дақ
• 1228
ДЕҲЛИ, 14 февраль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Осиё кино ва телевидение академияси ҳузуридаги Медиа ва санъат университети (Asian Academy of Film and Television University of Media and Arts) асосчиси ва ректори, "Marwah Studious" студияси раҳбари Сандип Марва билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кенг қамровли маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, 2024 йилда мазкур йўналишларда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Медиа ва санъат университети, "Marwah Studious" студияси ва Ўзбекистоннинг турдош ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантиришнинг истиқболларига алоҳида эътибор қаратди. Ёшларни биргаликдаги ўқув дастурлари доирасида қамраб олиш, таниқли ўзбек ва ҳинд санъат ва кино усталари иштирокида қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ўзаро манфаатли экани таъкидланди.
Икки халқнинг яқин урф-одатлари, қадриятлари ва анъаналаридан келиб чиқиб, биргаликда бадиий фильмлар суратга олиш, телевизион кўрсатувлар тайёрлаш, қўшма мусиқий клиплар суратга олиш ўзаро англашув ва маданиятлараро алмашинувга хизмат қилиши урғуланди. Бундай янги лойиҳалар, жумладан, икки томонлама сайёҳлик оқимини янада фаоллаштиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Сандип Марва Ўзбекистон ҳамиша Ҳиндистон маданият ва кино санъати намоёндаларини жозибадор маскан сифатида ўзига чорлаб келишини таъкидлаб, хусусан, «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали доирасида бўлиб ўтган музокара ва мулоқотлар чоғида янги қўшма лойиҳалар муҳокама қилингани ва ҳозир уларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилаётганини маълум қилди.
Учрашувда жорий йил ҳиндистонлик таниқли кино продюсерлари ва сценарийнависларининг Ўзбекистонга ижодий сафарларини ташкил қилиш, янги киноасарлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни суратга олиш мумкин бўлган масканларни ўрганиш юзасидан келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади