Logo

Деҳли шаҳрида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

Апрель 22, 2024. 07:57 • 2 дақ

267
Деҳли шаҳрида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

ДЕҲЛИ, 22 апрель. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси ва "Ҳиндистон-Ўзбекистон" дўстлик жамияти вакиллари ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.



Дўстлик жамиятига Ҳиндистон собиқ бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри Хотира мажмуаси директори Анил Кумар Шастри раислик қилади. Дипломатия миссияси ва жамият томонидан ўзбек ва ҳинд халқларининг бой маданий-маърифий мероси, миллий урф-одатлар ва анъаналарни кенг тарғиб қилиш, оддий одамлар ўртасида ўзаро англашув руҳини мустаҳкамлаш йўлида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Муносабатлар турли йўналишлар, жумладан, академик ва маданий жабҳалардаги алоқаларни ҳам қамраб олган. Хусусан, ўтган йил октябрь ойида Деҳли шаҳрида Ўзбекистон санъат усталари иштирокида ташкил этилган мусиқа оқшоми маҳаллий жамоатчилик вакиллари томонидан катта қизиқиш ва самимият билан кутиб олинди. Шунингдек, Лаъл Баҳодир Шастри номидаги Менежмент институтида Ўзбекистон ёшлари учун ахборот технологиялари бўйича ўтказилган онлайн шаклидаги ўқув курслари ҳам муваффақиятли бўлди.

Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев жорий йил дипломатия миссияси ва дўстлик жамияти ҳамкорлигида амалга оширишга қаратилган қатор лойиҳаларни таклиф қилди. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, савдо-иқтисодий ва илмий-академик алоқалар изчил ривож топаётгани, туристлар оқими фаоллашгани халқларимизнинг азалий ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

– Ўзбекистон элчиси билан ҳамкорликнинг муҳим масалаларини муҳокама қилдик, – дейди Анил Кумар Шастри. – Улардан бири академик соҳада алмашиш дастурини амалга оширишга тегишлидир. Биз Ўзбекистон олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг Ҳиндистонга ташрифини ташкил қилишга тайёрмиз. Бугун элчихонага Лаъл Баҳодир Шастри ҳаётига бағишланган китобни совға қилдик. Турли адабиёт намуналарини ўзбек ва ҳинд тилларига таржима қилиш жараёнига кўмаклашиш ҳам ўзаро алоқаларимизнинг муҳим йўналишини ташкил қилиши мумкин. Мен шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёев етакчилигида Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар рўй бераётганини таъкидлашни истардим. Ўзбекистон Президенти оддий одамлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга эҳтиёж катта экани ҳақидаги сўзларни тез-тез такрорлайди. Бу ҳам биз учун истиқболли йўналишдир. Мен, фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқига энг самимий тилакларимни билдираман.

Мулоқот чоғида Лаъл Баҳодир Шастри номидаги Менежмент институтида ўзбекистонлик мутахассислар учун ўқув курслари ташкил этиш, Ўзбекистон ва Ҳиндистон олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, икки мамлакат китобхонлари учун қизиқарли бўлган адабиётларни ўзбек, ҳинд ва инглиз тилларига биргаликда таржима қилиш, қўшма маданий тадбирлар ўтказишга оид масалалар ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон вакиллари Лаъл Баҳодир Шастри Хотира мажмуаси экспонатлари билан яқиндан танишди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш