Ўзбекистон ва Покистон меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Июль 16, 2025. 16:05 • 2 дақ
• 539
ИСЛОМОБОД, 16 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг хориждаги покистонликлар ишлари ва инсон ресурсларини ривожлантириш вазири Чоудри Салик Ҳусайн билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасида меҳнат миграцияси, касб-ҳунарга ўқитиш ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Вазир мамлакатларимиз ўртасида дўстона муносабатлар изчил ривожланаётганини, бунга икки давлат раҳбарлари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганини, Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилиш Покистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади.
Суҳбат чоғида томонлар фуқароларини чет элда иш жойи билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш борасида тажриба алмашиш ва ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ўзаро фикр алмашдилар.
Фуқароларни хорижга ишга юборишдан олдин уларни махсус ўқув курсларида тайёрлаш, тил, касб кўникма ва меҳнат қонунчилиги бўйича билимларини ошириш масаласи жиддий аҳамиятга эгалиги қайд этилди.
Томонлар меҳнат миграцияси, кадрлар тайёрлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида тажриба алмашишга қизиқиш билдириб, 2023 йил февраль ойида имзоланган меморандум доирасида қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва амалий ҳамкорликни жонлантиришга келишиб олди.
Шунингдек, касбий малака сертификатларини ўзаро тан олиш, таълим стандартларини мувофиқлаштириш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш бўйича икки томонлама маслаҳатлашувларни ташкил этиш таклифи билдирилди. Томонлар ахборот технологиялари, тиббиёт, муҳандислик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида биргаликда ўқув дастурларини амалга оширишга тайёрликларини тасдиқладилар.
Хорижда ўз бизнесига эга миллий диаспора вакиллари иштирокида қўшма инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш ҳам ўзаро иқтисодий дипломатик муносабатларнинг янги йўналиши сифатида эътироф этилди.
Вазир Чоудри Салик Ҳусайн, шунингдек, ушбу йўналишдаги муносабатларни батафсил муҳокама қилиш учун икки томон тегишли вазирлик ва идораларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, махсус таълим муассасалари фаолияти, меҳнат миграциясини бошқариш тажрибаси ва кадрлар тайёрлаш борасида ҳамкорликнинг амалий қисмига ўтиш муҳимлигини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади