Ўзбекистон элчихонасида ўзбек дипломатиясининг фахрийси, таниқли урду тили билимдони ва таржимон билан учрашув бўлиб ўтди

Май 24, 2026. 11:55 • 3 дақ

112
Ўзбекистон элчихонасида ўзбек дипломатиясининг фахрийси, таниқли урду тили билимдони ва таржимон билан учрашув бўлиб ўтди

ИСЛОМОБОД, 24 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида амалий сафар билан Исломобод шаҳрига келган фахрий дипломат, урдушунос олим, таржимон, филология фанлари номзоди Тошмирза Холмирзаев билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Муҳайё Абдураҳмонова ва элчихона дипломатлари иштирок этди.

Учрашув аввалида элчи Алишер Тўхтаев дипломатик ваколатхона фаолияти, Ўзбекистон–Покистон муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, иқтисодий дипломатия, таълим, туризм ҳамда маданий-маърифий соҳаларда рўёбга чиқарилаётган қўшма лойиҳалар хусусида сўзлаб берди.

Очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантириш, хусусан, маданий-гуманитар алоқалар, таълим, таржимачилик ва илмий ҳамкорлик соҳаларидаги истиқболли йўналишлар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, ёш дипломатларнинг касбий маҳорати ва амалий тажрибасини оширишга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Шунингдек ўқинг

Тошмирза Холмирзаев ўз маърузасида, Покистондаги дипломатик фаолияти, шунингдек, Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчихонасини ташкил этиш жараёни билан боғлиқ хотиралари билан ўртоқлашди. Хусусан, илк элчихонани ташкил этишда юзага келган ташкилий қийинчиликлар, кадрлар етишмовчилиги ва дипломатик фаолияти давомида рўй берган қизиқарли воқеалар ҳақида сўз юритди.

«Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар ҳар доим дўстона руҳда бўлиб келган. Покистон раҳбарияти ва халқи Ўзбекистонга катта ҳурмат ва хайрихоҳлик билан қарайди. Бу, аввало, халқларимизнинг муштарак тарихи, дини ва маънавий қадриятлари билан боғлиқ. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Покистон билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Элчихона жамоаси ва дипломатлар Давлат Раҳбарининг ушбу сиёсатини амалга оширишда фаол ва ташаббускор бўлиши лозим. Бугунги кунда элчихонада яратилган шарт-шароитлар жуда яхши. Биз ўз вақтида бундай имкониятларни орзу қилар эдик. Энди бу имкониятлар сиз ёш дипломатларга насиб этган. Энг муҳими – самарали меҳнат қилиш ва маҳаллий тилни пухта ўрганишдир. Маҳаллий тилни билиш дипломатик фаолиятда катта аҳамият касб этади», – деди у.

Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Муҳайё Абдураҳмонова ўз навбатида, урду тилидан ўзбек тилига, шунингдек, ўзбек адабиёти намуналарини урду тилига таржима қилиш ишларини янада кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратди. Бу орқали Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва замонавий адабиётини Покистон жамоатчилигига кенгроқ танитиш имкони яратилишини таъкидлади.

Учрашув якунида дипломатик соҳасида «устоз-шогирд» мактабини ривожлантириш, икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, урду тили бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, қўшма илмий конференциялар ва давра суҳбатларини мунтазам ташкил этишга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш