Logo

Ўзбекистоннинг ноёб табиати ва флора ва фауна дунёси жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда

Март 29, 2026. 22:56 • 2 мин

40
Ўзбекистоннинг ноёб табиати ва флора ва фауна дунёси жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда

ВАШИНГТОН, 26 март. /«Дунё» АА/. Жорий йил 26 март куни экология, илм-фан ва барқарор ривожланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш доирасида АҚШнинг нуфузли илмий-тадқиқот ва маърифий ташкилоти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашувда ташкилотнинг фан ва инновациялар йўналиши раҳбари Иан Миллер бошчилигидаги делегация иштирок этди. Ўзбекистон томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, «Замин» халқаро жамоат фонди ҳамда дипломатик корпус вакиллари қатнашди.

Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистоннинг табиий, маданий, илмий ва сайёҳлик салоҳиятини халқаро майдонда илгари суришга қаратилган истиқболли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилдилар. Жумладан, биохилма-хилликни сақлаш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвонот турларини ўрганиш ҳамда ҳужжатлаштириш бўйича қўшма илмий экспедицияларни ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, ҳужжатли кино ва медиа лойиҳалар соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон экотизими ва Буюк Ипак йўли ландшафтларига бағишланган ҳужжатли фильмлар туркумини яратиш, Оролбўйи минтақасини тиклашга қаратилган мультимедиа лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек маҳаллий жамоаларнинг анъанавий экологик билимлари ва барқарор амалиётлари ҳақида материаллар тайёрлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, экологик туризмни ривожлантириш ва мамлакатнинг табиий меросини халқаро даражада тарғиб қилиш масалалари кўриб чиқилди. Жумладан, Ўзбекистонни «Умр давомида ташриф буюриш тавсия этиладиган манзиллар» лойиҳасига киритиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Америка томони Ўзбекистонга ташрифни ташкил этиш ва ҳамкорлик имкониятларини янада чуқур ўрганишга қизиқиш билдириб, тегишли келишувларга эришилган тақдирда шерикликни кенгайтиришга тайёр эканликларини тасдиқлади. Шунингдек, мазкур ташкилот томонидан илгари ҳам мамлакатга етакчи тадқиқотчилар ва фотосуратчилар юборилгани қайд этилди.

Америкалик ҳамкорлар Ўзбекистоннинг ноёб табиати, флора ва фаунасини глобал миқёсда намойиш этишда юқори салоҳиятга эга эканини таъкидлаб, мамлакатни келгусидаги лойиҳалар ва медиа-режаларга киритишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон янги илмий, медиа ва туризм ташаббусларини амалга ошириш учун истиқболли платформа эканини алоҳида таъкидладилар.

Default Avatar

Автор материала

Shahzoda Kuchkarova

shahzoda@dunyo.info

Подпишись на наш Telegram-канал

Будь в курсе всех новостей и обновлений первым!

Перейти в канал