Австралияда истиқомат қилувчи ватандошларимиз илк бор Ўзбекистон Мустақиллиги кунини биргаликда нишонладилар
Сентябрь 04, 2024. 07:33 • 2 дақ
• 371
СИДНЕЙ, 4 сентябрь. /"Дунё АА/. Ўзбекистон элчихонаси Австралиянинг энг йирик шаҳри — Сиднейда истиқомат қилувчи ватандошлар билан учрашув ташкил қилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир 150 дан ортиқ юртдошларимизни бир жойга жамлади. Унда Австралияда яшаётган маҳаллий ўзбек диаспораси тарихида Ватанимиз Мустақиллиги куни илк марта биргаликда нишонланди.
Шуни таъкидлаш керакки, ҳисоб-китобларга кўра, Яшил қитъада бир неча минг Ўзбекистон фуқароси яшайди, улар орасида кўплаб талабалар, олимлар ва турли касб эгалари бор. Австралияда мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудлари вакилларини учратиш мумкин.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон дипломатлари мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, иқтисодиётни юксалтириш ва фуқаролар фаровонлигини ошириш, жамиятни янада демократлаштириш ва республиканинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувига қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида ватандошларга батафсил маълумот берди.
Бўлажак муҳим сиёсий воқеа — 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашларига сайловларга алоҳида эътибор қаратилди.
Дипломатлар йиғилганларнинг кўплаб саволларига жавоб беришди ҳамда сайёр консуллик қабулини ўтказишди. Қабул давомида фуқароларга консуллик-ҳуқуқий масалалар юзасидан хизматлар кўрсатилди ва маслаҳатлар берилди.
Учрашув анъанавий ўзбек паловисиз ўтмади, албатта. Самарқанд ва Андижон ҳаваскор ошпазлари ўз маҳоратлари билан йиғилганларни хурсанд қилишиб, ўз ҳудудларининг анъанавий паловларини тайёрладилар.
Австралияда яшовчи ўзбек диаспораси фаоллари билан ватандошларимизни бирлаштирадиган ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган жамоат ташкилотини ташкил этиш ва маҳаллий ҳокимият органларида қонуний рўйхатдан ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Янги тузилма, шунингдек, ўзбекистонликларни Ватанимизда рўй бераётган энг муҳим воқеалар ҳақида хабардор қилиш учун ижтимоий тармоқларда саҳифалар юритади.
Сиднейда ўтказилган байрам тадбирида иштирок этганлар мамлакатимизнинг сайёҳлик брендини илгари суриш, австралиялик ҳамкорлар билан бизнес, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Австралияда Ўзбекистонни оммалаштиришга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканликларини маълум қилдилар.
Ватандошларимиз Австралияда Ўзбекистон Мустақиллиги куни биринчи марта бундай кенг кўламда нишонланаётганини таъкидлаб, шунга ўхшаш тадбирларни мунтазам ўтказишга тайёрлигини тасдиқлади. Бу эса Ватан билан алоқаларни мустаҳкамлашга, халқимизнинг анъаналари ва маданиятини асраб-авайлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси