Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси “Дипломатик маҳорат” мукофотига сазовор бўлди

Июнь 12, 2026. 19:00 • 2 дақ

13
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси “Дипломатик маҳорат” мукофотига сазовор бўлди

КУАЛА-ЛУМПУР, 12 июнь. /“Дунё” АА/. Малайзия пойтахтида Жануби-Шарқий Осиёнинг етакчи рақамли “AsiaOne” медиакомпаниясининг йиллик ижтимоий-иқтисодий форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Малайзия ҳукумати аъзолари, Осиё давлатлари вакиллари, жумладан, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларининг етакчи ишбилармон доиралари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Форумда Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги ривожланиш тенденциялари, халқаро майдондаги ютуқлари ҳамда давлатимиз раҳбари бошчилигида ижтимоий-иқтисодий соҳалар ва туризм салоҳиятини кенг намоён этиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.

“AsiaOne” медиакомпанияси платформаси ўзининг ҳар йили турли номинациялар бўйича тақдим этиладиган “Осиёдаги энг йирик брендлар ва етакчилар” мукофоти билан Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёда яхши танилган. Ушбу мукофотга номзодлар медиакомпания томонидан ўтказиладиган тадқиқотлар, қатор экспертлар баҳоси ва соҳавий таҳлиллар асосида сараланади.

Шунингдек ўқинг

Тадбир доирасида “AsiaOne” журнали томонидан Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромидин Гадоев “Дипломатик маҳорат” номинацияси бўйича 2026 йил ғолиби деб топилгани эълон қилинди ва унга махсус соврин топширилди.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, мазкур мукофот сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги икки томонлама савдо, сайёҳлик ҳамда маданий-гуманитар алоқаларнинг изчил ривожланиб бораётганининг эътирофидир.

Форум давомида медиакомпания вакиллари билан музокаралар ўтказилиб, Ўзбекистон томони ва мазкур нашр ўртасида тарғибот-ташвиқот лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Жумладан, журнал раҳбарияти нашрнинг кейинги сонларида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган махсус мақола чоп этишга тайёрлигини билдирди.

“AsiaOne” медиакомпанияси 1995 йилда ташкил этилган илк рақамли ахборот платформаларидан бири бўлиб, асосан бизнес, иқтисодиёт, сиёсат, инвестиция ва лидерлик мавзуларига ихтисослашган. Ташкилот қароргоҳи Сингапурда жойлашган. Асосий аудиторияси АСЕАН мамлакатлари, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа Осиё давлатларидаги 100 миллиондан зиёд бизнес доиралари вакилларини қамраб олади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш