Москвада ўзбек рақси куни
Сентябрь 04, 2025. 08:00 • 2 дақ
• 89
МОСКВА, 4 сентябрь. /"Дунё" АА/. ВДНХдаги Ўзбекистон павильонида Ўзбекистон Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Элчихона томонидан Кристина Сурганова раҳбарлигидаги Москва "Баҳор Рақс" ўзбек рақси ва Марказий Осиё рақслари ансамбли билан биргаликда "Ўзбек рақси куни" ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" AA мухбири.

"Баҳор Рақс" ансамбли томошабинларга Ўзбекистоннинг барча ҳудудларининг бой хореографик меросини акс эттирувчи 25 дан ортиқ рақс ижроларини ўз ичига олган кенг кўламли дастурни тақдим этди. Мамлакатнинг ўзига хос хусусиятлари ва бадиий бойлигининг ёрқин намунаси бўлган Андижон, Тошкент ва Хоразм рақс мактабларига алоҳида эътибор қаратилди. Ёрқин либослари ва саҳнадаги таъсирчан ҳаракатлари билан танилган жамоанинг репертуари Арманистон, Ҳиндистон, Хитой ва Россиянинг маданий анъаналарини акс эттирувчи чиқишлар билан бойитилди.
Шунингдек, Москвадаги "Улыбка" ва "Ивантеевка" ансамбллари, "Спитамен" гуруҳи концертда иштирок этишди, мусиқий жўр бўлишни эса ватандошларимиз, "Ситора" гуруҳининг собиқ солисти Гузель Бурханова ва ёш ижрочи Баҳриддин Дониёров таъминлади.
Дастурда алоҳида ўринни Кристина Сурганованинг маҳорат дарслари эгаллади. У пойтахт меҳмонлари ва москваликларга ўзбек миллий рақсининг ўзига хос ҳаракатлари билан танишиш ва анъанавий ҳаракатларни ўзлари ижро этиб кўриш имконини берди. Интерактив формат томошабинлар орасида катта қизиқиш уйғотиб, байрамни маданий мулоқот ва бирликнинг ёрқин воқеасига айлантирди.
Рақс томошабинлари Ўзбекистон халқини байрам билан табриклашди, шунингдек, миллий рақсларга юксак баҳо беришди:
Винокурова Екатерина, "Россельхозбанк" вакили:
- Бугунги байрам ВДНХ кунига кўрк ва ёрқинлик бағишлади. Сизнинг Республикангизни 34 йиллик Мустақиллик куни билан чин юракдан табриклайман, сизга келгусида ҳам фаол ривожланишни, барча мақсад ва вазифаларингизни амалга оширишни тилайман. Байрамингиз муборак!
Гузель Бурханова, "Сетора" гуруҳининг собиқ солисти:
- Ҳаммага Ассаламу алейкум. Юртимиз ва ватандошларимизни Мустақиллигимизнинг 34 йиллик тантанаси билан табриклайман. Мамлакатимиз доимо шундай ёрқин, гўзал, меҳрибон ва меҳмондўст бўлиб қолишини тилайман.
Ирина Яремко, "ВДНХ" АЖнинг МДҲ мамлакатлари ва ташқи алоқалар бўйича бошқармаси бошлиғи:
- Азиз дўстлар, Мустақиллик куни байрамингиз муборак бўлсин! Ўзбекистон халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси павильонда энг ажойиб ва нафис экспозиция тақдим этилди, умуман олганда, Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси қиладиган ҳар бир иши доимо сифат белгисидир.
Ушбу байрам учун катта раҳмат! Ўзбек халқини ушбу тантана билан табриклаймиз, сизга ва яқинларингизга соғлик, оилаларингизда ҳар доим ишончли замин бўлишини ва қувонч ҳар бир хонадонда абадий яшашини тилаймиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойда кенг нишонланди
Ҳиндистон пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги кенг нишонланди
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойнинг Шанхай шаҳрида кенг нишонланди