Хитойнинг йирик электрон тижорат платформасида Ўзбекистон миллий павильони очилди
Ноябрь 14, 2025. 08:09 • 55 сония
• 144
ПЕКИН, 14 ноябрь. /"Дунё" АА/. Хитойнинг йирик электрон тижорат платформаларидан бири "JD.com"да Ўзбекистон миллий павильони расман ишга туширилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур лойиҳа юқори қўшилган қийматга эга ўзбек товарларини Хитой бозорига тизимли равишда илгари суриш, миллий брендларнинг онлайн каналлардаги иштирокини кенгайтириш ва тадбиркорларнинг трансчегаравий рақамли савдога интеграциялашувини тезлаштиришга қаратилган.
Павильоннинг яратилиши Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари ва экспортчиларига Хитой бозорига чиқиш учун ягона дарча вазифасини ўтайди. Унда тўқимачилик ва тайёр кийим-кечак, чарм-атторлик буюмлари ва пойабзал, чуқур қайта ишланган маҳсулотлар - қуритилган мевалар, ёнғоқлар, асал, табиий ичимликлар, зираворлар, шунингдек, Хитой бозори талабларига мувофиқ сертификатланган табиий хомашёдан тайёрланган косметика, уй-рўзғор буюмлари ва ҳунармандчилик маҳсулотларининг кенг турларини намойиш этиш режалаштирилган.
Хитойлик ҳамкорларнинг таъкидлашича, миллий павильоннинг ишга туширилиши Ўзбекистон компанияларига юқори қўшилган қийматли товарлар экспортини кўпайтириш ва Хитойда миллий брендларнинг мавқеини мустаҳкамлашда энг йирик онлайн бозорга тўғридан-тўғри кириш имконини беради.
Таъкидлаш лозим, "JD.com" платформаси Хитойнинг энг йирик электрон тижорат экотизимларидан бири бўлиб, ўзининг "JD Logistics" логистика тармоғига, шунингдек, ривожланган сифат назорати ва сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш тизимига эга.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
АҚШнинг энг йирик савдо тармоқларида ўзбек озиқ-овқат маҳсулотлари сотилади
2025-йилда Ўзбекистондан Кувайтга 50 тоннадан ортиқ ҳўл ва қуруқ мевалар экспорт қилинди
Кувайтга илк бор 23 тонна қора майиз экспорт қилинди
Ўмонлик ишбилармонлар билан экспорт-импорт масаласида фикр-мулоҳаза алмашилди