Ўзбекистон ҳудудлари ва Россиянинг Новосибирск вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар кенгаяди
Март 01, 2025. 11:03 • 2 дақ
• 281
НОВОСИБИРСК, 1 март. /"Дунё" АА/. Новосибирск шаҳрида "Осиё-Сибир" янги улгуржи савдо марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мазкур тадбирда Сурхондарё, Наманган, Фарғона, Андижон вилоятлари ҳокимликлари ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳудудий бўлимлари вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.
Таъкидлаш керакки, майдони 128 гектардан ортиқ бўлган йирик мажмуа ҳудудида озиқ-овқат бозори, мева-сабзавот кичик улгуржи савдо шохобчалари, гўшт ва сут маҳсулотларини сақлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қабул қилиш ва қайта ишлаш, улгуржи юк автомашиналари учун тўхташ жойлари ва бошқа муҳим объектлар қурилган. Яқин келажакда эса меҳмонхоналар, автомобиллар тўхташ жойлари, иссиқхоналар барпо этилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров ушбу савдо мажмуаси бутун Сибир федерал округи учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Бу ерда нафақат йил давомида Ўзбекистондан турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси амалга оширилади, балки замонавий кўргазма заллари ҳам очилади, мамлакатимизнинг саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо кооперацияси ва бошқа соҳалардаги ютуқлари намойиш этилади.
Марказ директор Музаффар Раҳимов мажмуа кунига 400 тагача юк автомашиналарини қабул қилиш имконияти яратилишини билдирди. Бу ерда асосан Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг улгуржи савдоси амалга оширилади. "Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, шунингдек, Эрон ва Хитойдан етказиб берувчилар билан ҳам ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Савдо марказида тадбиркорлар ва харидорлар учун яратилган барча шароитлар жаҳон талаб ва стандартларига жавоб беради", – деди у.
Тақдимот маросими иштирокчилари Ўзбекистон ҳудудлари ва Новосибирск вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг бутун жараёни учун ушбу объектнинг алоҳида аҳамияти, савдо ҳажми кўрсаткичларнинг ўсишида муҳим роль ўйнашини таъкидладилар.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари ва дипломатлар ушбу савдо марказ ҳудудида иш фаолиятини бошлаган юртдошларимиз билан ҳам мулоқот қилдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
АҚШнинг энг йирик савдо тармоқларида ўзбек озиқ-овқат маҳсулотлари сотилади
2025-йилда Ўзбекистондан Кувайтга 50 тоннадан ортиқ ҳўл ва қуруқ мевалар экспорт қилинди
Кувайтга илк бор 23 тонна қора майиз экспорт қилинди
Ўмонлик ишбилармонлар билан экспорт-импорт масаласида фикр-мулоҳаза алмашилди