Эроннинг марҳум олий раҳбари Али Хоманаий билан видолашув маросимлари ўтказилади

Июль 01, 2026. 18:30 • 3 дақ

250
Эроннинг марҳум олий раҳбари Али Хоманаий билан видолашув маросимлари ўтказилади
“Reuters” агентлиги сурати

ТЕҲРОН, 1 июль. /“Дунё” АА/. Эрон ва Ироқда мамлакатнинг марҳум олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий билан видолашиш учун олти кунлик кенг кўламли мотам маросимлари ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Эроннинг “Tasnim” ахборот агентлигига таяниб.

Эрон ички ишлар вазири ўринбосари ва мотам тадбирларини ташкил этиш бўйича штаб раҳбари Али Акбар Пуржамшидиён Теҳронда бўлиб ўтган матбуот анжуманида 30 дан ортиқ давлат ва 90 дан зиёд мамлакатнинг диний пешволари видолашув маросимларида қатнашишга тайёрлигини маълум қилди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Боғоий ҳам Олий раҳбар вафоти муносабати билан тадбирлар ўтказилишини ҳамда минтақа мамлакатлари ва бошқа давлатларнинг расмий шахслари уларда иштирок этишга тайёр эканини тасдиқлади.

Ўзбекистон ТИВдаги манбага кўра, 3 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Эронга боради ва маросимларда иштирок этади.

Таъкидлаш жоизки, мотам тадбирлари 4 июль куни Теҳрондаги “Мосалла” мажмуасида бошланади. Шу вақтдан бошлаб майдон оммавий видолашув учун очиқ бўлади. Эртаси куни, 5 июлда, ўша ерда жаноза намози ўқилади. Пойтахтда, оммавий мотам юриши ҳам режалаштирилган.

Маросимлар мамлакатнинг бошқа шаҳарлари, жумладан, Қум ва Машҳадда ҳам бўлиб ўтади. Алоҳида тадбирлар шиа исломи учун муқаддас саналган Ироқнинг Нажаф ва Карбало шаҳарларида ўтказилиши кўзда тутилган. Олий раҳбар жасадини дафн этишнинг якуний маросими 9 июль куни Машҳадда бўлиб ўтади.

Али Акбар Пуржамшидиённинг сўзларига кўра, тайёргарлик доирасида Эрон ичида ва ундан ташқарида тадбирларни мувофиқлаштирувчи ягона миллий штаб тузилган. Ироқ ҳам мотам маросимларини ўтказиш ва жасадни қабул қилиб олиш учун ўз мувофиқлаштириш марказини ташкил этган.

Шунингдек ўқинг

Қайд этилишича, мотам тадбирлари иштирокчиларининг умумий сони миллионлаб кишига етиши мумкин. Исмоил Боғоий анжуманда ушбу маросимларни яқин кунларда Эрон, Ғарбий Осиё минтақаси ва ундан ташқаридаги “энг муҳим ва тарихий воқеа” деб атади.

Оятуллоҳ Али Хоманаий билан расмий видолашув маросими унинг 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган илк зарбалари оқибатида вафот этганидан қарийб тўрт ой ўтиб ўтказилмоқда.

Тўрт ойлик кечикиш минтақадаги можаронинг давом этаётгани, ўт очишни тўхтатишга уринишлар ва бунинг ортидан олиб борилган музокаралар жараёни билан бевосита боғлиқдир. Ушбу музокаралар натижасида АҚШ билан зарбаларни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришилган эди.

Эрон томони маросим айни пайтда нисбий деэскалация даврига белгиланганини билдирди: воситачилар иштирокида ўзаро англашув меморандуми бўйича музокаралар давом этар экан, Эрон ва АҚШ ўзаро ўқ узишни тўхтатиб туради.

Эрон ТИВ матбуот котиби анжуманда “АҚШнинг ўз мажбуриятларига риоя қилмаслиги жараённинг давом этишига, шубҳасиз, салбий таъсир кўрсатади”, дея огоҳлантирди. Шунингдек, у “Биз ҳеч бир ҳаракатни жавобсиз қолдирмаймиз. Эронга қарши ҳар қандай ҳаракатга қатъий ва зудлик билан жавоб қайтарилади”, дея алоҳида таъкидлади.

“Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш