Logo

Осиё инфратузилмавий инвестиция банки Бошқарувчилар кенгашининг давом этаётган 8-йиллик йиғилишида Ўзбекистон вакили Бошқарув кенгаши раиси этиб сайланди

Сентябрь 27, 2023. 14:44 • 3 дақ

160
Осиё инфратузилмавий инвестиция банки Бошқарувчилар кенгашининг давом этаётган 8-йиллик йиғилишида Ўзбекистон вакили Бошқарув кенгаши раиси этиб сайланди

ТОШКЕНТ, 27 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон делегацияси  25 сентябрь куни Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳрида бошланган Осиё инфратузилмавий инвестиция банки Бошқарувчилар кенгашининг 8-йиллик йиғилишида иштирок этмоқда, деб хабар қилаяпти «Дунё» АА мухбири.



  Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) маълумотига кўра, анжуман жорий йилда «Мураккаб дунёда барқарор ривожланиш» умумий шиори остида ўтказилмоқда.

Йиғилишнинг кун тартибидаги саволларга мувофиқ, 25-26 сентябрь кунлари «Инфратузилма соҳасида инвестициялар етишмовчилигини бартараф этишда халқаро молия институтларининг роли» ва «Марказий Осиёнинг сув-энергетика муаммоси: Ўзбекистонда барқарор ривожланишни таъминлаш» мавзуларида сессиялар бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, Банк Бошқарувчилари ўртасида бизнес-сессия ўтказилди. Унда инвестициялар, саноат ва савдо вазири, Ўзбекистондан ОИИБ бошқарувчиси Лазиз Қудратов сўзга чиқиб, иштирокчиларни мамлакатимизда инвестиция ва тадбиркорлик фаолияти учун яратилган қулай шароитлар, жорий этилган имтиёз ва преференциялар, шунингдек, мамлакатимизда конституциявий даражада ўрнатилган инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари билан батафсил таништирди.

Шу билан бирга, ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор конструктив таклифлар билдирилди. Хусусан, давлат ва хусусий лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмини ошириш, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон орқали ўтувчи халқаро транспорт йўлакларини яратиш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш таклиф этилди.

Ўзбекистоннинг Банкнинг навбатдаги Йиллик йиғилишини 2024 йил 25-26 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича таклифини маъқуллаш тўғрисида ОИИБ Бошқарув кенгашининг қабул қилган қарори йиғилишнинг асосий масалаларидан бири бўлди.

Овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон вакили Лазиз Қудратов ОИИБ Бошқарув кенгаши раиси этиб сайланди.

«Банк Кенгаши Банкнинг навбатдаги йиллик йиғилишини Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилганидан чин дилдан хурсандман. Ўзбекистон бундай тадбирларни халқаро миқёсда ўтказиш бўйича катта тажрибага эга ва тадбиримиз юқори савияда ўтишига ишонаман» – деди ОИИБ Президенти Цинь Лицюнь.

Тадбир доирасида республиканинг сармоявий ва сайёҳлик салоҳиятини яққол намойиш этувчи Ўзбекистон миллий стенди ташкил этилди.

Шунингдек, Лазиз Қудратов Осиё инфратузилмавий инвестиция банки раҳбарияти билан учрашди.

Томонлар энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт ва тиббиёт каби йўналишларда умумий қиймати 2,4 миллиард доллардан ортиқ бўлган 13 та лойиҳани ўз ичига олган ОИИБнинг Ўзбекистондаги жорий инвестициявий фаолияти ўсишининг ижобий динамикасини олқишладилар.

Банк раҳбарияти Ўзбекистонда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларни юқори баҳолади ва ОИИБ мамлакатимиз билан ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш бўйича ишларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Шу ўринда давлат кафолатисиз лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмининг изчил ўсиши таъкидланди.

ИССВ маълумотига кўра, 2023 йил март ойидан шу кунгача банк энергетика лойиҳаларини амалга ошириш доирасида давлат кафолатисиз 415 миллион долларлик 3 та кредит линиясини маъқуллади.

Музокаралар натижасида томонлар қўшма лойиҳаларни сифатли амалга ошириш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишга қаратилган фаол ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш