Сенат ШҲТнинг Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади

Октябрь 03, 2026. 14:20 • 2 дақ

• 45
Сенат ШҲТнинг Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади

ТОШКЕНТ, 3 октябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази тўғрисидаги Битимни (Тянцзинь, 2025 йил 1 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Парламентимиз юқори палатаси маълумотига кўра, мазкур битим билан Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг доимий фаолият юритувчи органи – Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази таъсис этилмоқда. Марказнинг жойлашган жойи этиб Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳри белгиланган.

Марказ аъзо давлатлар ваколатли органларининг гиёҳванд моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланишига қарши курашишдаги ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, келишилган тезкор-профилактик тадбирларни режалаштириш, трансмиллий уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш ҳамда минтақадаги наркотик вазиятни мониторинг ва таҳлил қилиш вазифаларини бажаради.

Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши гиёҳвандлик ва наркожиноятчиликка қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳамкор давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда фуқароларимиз саломатлиги ва мамлакатимиз хавфсизлигини ишончли таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек ўқинг

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги вақтда ШҲТнинг доимий фаолият юритувчи органлари иккита шаҳарда жойлашган. ШҲТ Котибияти Пекинда, Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) Ижроия қўмитаси эса Тошкентда жойлашган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш