АҚШ Канада ва Мексика билан савдо келишувини узайтиришдан бош тортди
Июль 02, 2026. 20:00 • 3 дақ
• 63
ВАШИНГТОН, 2 июль. /“Дунё” АА/. Оқ уй АҚШ, Мексика ва Канада ўртасидаги битим (USMCA)ни ҳозирги кўринишда узайтиришдан бош тортиб, ҳужжатда назарда тутилган қайта кўриб чиқиш жараёнини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлигига таяниб.
Қарор келишувнинг биринчи олти йиллик шарҳи якунларига кўра қабул қилинди. Унинг шартларига мувофиқ, USMCA ҳар йили текширувлар ўтказиб борилган ҳолда яна 10 йил амал қилади. Бироқ муддат тугагунига қадар томонлар унинг янгиланган таҳририни келишиб олиши шарт, акс ҳолда, битим ўз кучини йўқотади.
АҚШ савдо вакили Жеймисон Грирнинг сўзларига кўра, Вашингтон USMCAнинг ҳозирги кўринишда узайтирилишига рози бўлмаган ва келишувдаги камчиликларни бартараф этиш учун Мексика ҳамда Канада билан музокараларни давом эттириш ниятида.
АҚШ ва Мексика ўртасидаги икки томонлама музокараларнинг навбатдаги босқичи июль ойи охирида бўлиб ўтади. Унда томонлар Шимолий Америка компонентлари улушини ошириш ва Хитой билан боғлиқ товарлар учун савдо имтиёзларидан фойдаланишни чеклаш мақсадида автомобиллар ва бошқа саноат маҳсулотларининг келиб чиқиши қоидаларини кучайтириш масаласини муҳокама қилиши кутилмоқда.
Мексика иқтисодиёт вазири Марсело Эбрарднинг таъкидлашича, Мехико бу масалани бартараф этиш устида ишлашга тайёр, аммо ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларда Америка бутловчи қисмлари улушини ошириш борасида мамлакатлар ўртасида келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда.
Канада ҳам музокараларни давом эттиришга, айни вақтда Дональд Трамп маъмурияти томонидан аввалроқ мамлакат автомобиллари, пўлати, алюминийи, ёғочи ва бошқа маҳсулотларига жорий этилган божларни бекор қилишга эришишга тайёрлигини билдирди.
USMCA 1994 йилдан бери амалда бўлган Шимолий Америка эркин савдо битими (NAFTA) ўрнига 2020 йилда кучга кирган. Ҳужжат уч мамлакат ўртасидаги йиллик ҳажми 1,6 триллион доллардан ошадиган савдони тартибга солади.
Вашингтон келишувни қайта кўриб чиқиш заруратини Мексика ва Канада билан савдо тақчиллиги сақланиб қолаётгани билан изоҳламоқда. Америка томони маълумотларига кўра, 2025 йилда Мексика билан товар савдоси тақчиллиги 197 миллиард долларни, Канада билан эса 48,3 миллиард долларни ташкил этган.
Аввалроқ АҚШ USMCA доирасидаги савдо шартларини ўзгартириб, Мексика ва Канададан автомобиль импортига 25 фоизли, пўлат ва алюминийга 50 фоизли, ёғочга 10 фоизли божлар жорий қилган эди. Бу чоралар Дональд Трамп маъмуриятининг ишлаб чиқаришни АҚШга кўчиришни рағбатлантириш ва савдо тақчиллигини қисқартириш сиёсатининг бир қисми бўлган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси