Ироқ бюджети коррупция туфайли 2 триллион доллардан зиёд маблағ йўқотди
Июль 02, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 43
БАҒДОД, 2 июль. /“Дунё” АА/. “2003 йилдан буён мамлакат бюджети коррупция сабабли 2 триллион доллардан ортиқ маблағ йўқотди”, деб баёнот берди Ироқ Бош вазири маслаҳатчиси Мунир Ҳаддод “INA” давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида, дея хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унинг сўзларига кўра, Бош вазир Али аз-Зайдий бошчилигида йўлга қўйилган коррупцияга қарши кураш кампанияси ҳеч қандай қизил чизиқларсиз ва вақт чекловисиз давом этмоқда.
Мунир Ҳаддоднинг маълум қилишича, ҳукумат раҳбари қўлга олинганларнинг иқрорлик кўрсатмалари ўз манфаатларига дахл қилишидан хавотирланган айрим сиёсий доираларнинг босимини рад этиб, терговни охирига етказиш ниятини тасдиқлаган.
Маслаҳатчининг айтишича, кучишлатар тузилмалар ҳар куни рейдлар ўтказмоқда, аммо қўлга олинганлар сони бўйича якуний статистика ҳали мавжуд эмас. Асосий гумонланувчиларнинг иқрорлик кўрсатмалари туфайли тергов ишда янги иштирокчиларни аниқламоқда.
У гумонланувчиларнинг хатланган активлари ва кўчмас мулклари ҳажми ақлга сиғмас даражада эканини таъкидлади.
“Масалан, қўлга олинганлардан бирининг рафиқаси 50 миллион долларлик хонадон сотиб олган. Шунингдек, ҳар бирининг ўзи ёки қариндошлари номига расмийлаштирилган 50 дан ортиқ хонадони бор бир нечта амалдор ҳибсга олинди”, – деди у.
Маслаҳатчи, шунингдек, ҳибсга олишга ордер берилган айрим гумонланувчилар мамлакат ташқарисида ёки Ироқ Курдистони ҳудудида яширинишга уринганини маълум қилди. Унинг қайд этишича, минтақа ҳукумати терговга ёрдам кўрсатиб, қидирувдаги саккиз кишини Бағдодга топширган.
У барча коррупция ишлари очиқ суд жараёнларида кўриб чиқилишини, мусодара қилинган пул маблағлари ва кўчмас мулк эса давлат ғазнасига ўтказилишини қўшимча қилди.
Таъкидлаш жоизки, июнь ойи бошида Ироқ хавфсизлик кучлари нефть вазири ўринбосари Аднон ал-Жумайлийни қўлга олган эди. Унинг иқрорлик кўрсатмалари асосида Бағдоднинг ҳукумат идоралари ва хорижий дипломатик ваколатхоналар жойлашган “яшил ҳудуди”да тинтувлар ўтказилиб, коррупцияга алоқадорликда гумон қилинган бир қанча юқори мартабали сиёсатчилар ва депутатлар ҳибсга олинган.
Эслатиб ўтамиз, Ироқ Президенти Низор Амидий жорий йил апрель ойида Али аз-Зайдийни мамлакатнинг янги Бош вазири этиб тайинлаган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси