Logo

Таиланд Ўзбекистон фуқаролари учун расман визасиз режимни жорий қилди

Июль 16, 2024. 12:41 • 47 сония

2956
Таиланд Ўзбекистон фуқаролари учун расман визасиз режимни жорий қилди

БАНГКОК, 16 июль. /"Дунё" АА/. Жорий йилнинг 15 июль кунидан эътиборан Таиланд ҳукумати 93 давлат, жумладан Ўзбекистон фуқаролари учун, 60 кунгача визасиз кириш режимини расман жорий қилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз Бош консулхонаси маълумотига кўра, муқаддам Таиландга фуқаролари визасиз кириши мумкин бўлган давлатлар сони 57 та эди. Рўйхатга янги киритилган 36 та давлат қаторида Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳам бор.

Янги тартиб барча чегара постлари орқали Таиландга ташриф буюрувчилар учун амал қилади.

Ўз навбатида, мазкур тартиб Таиланд ҳукумати томонидан иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида бир томонлама жорий этилди ва маълум муддатдан сўнг бекор қилиниши ҳам мумкин.

Таиланд ТИВ маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Таиланд ўртасида ўзаро визадан озод қилиш бўйича ишлаб чиқилаётган ҳукуматлараро келишувлар юзасидан музокаралар давом этмоқда.

15 июлга қадар Ўзбекистон фуқаролари аэропортга келганларида 60 АҚШ доллари эвазига 15 кунлик туристик виза олишлари мумкин эди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш