Logo

Ўзбекистон 2023 йилда "Жаҳон почта соҳасида етакчи" деб эълон қилингани ҳолда "Ёрқин юлдуз" халқаро мукофоти билан тақдирланди

Октябрь 09, 2023. 08:26 • 1 дақ

313
Ўзбекистон 2023 йилда "Жаҳон почта соҳасида етакчи" деб эълон қилингани ҳолда "Ёрқин юлдуз" халқаро мукофоти билан тақдирланди

АР-РИЁЗ, 9 октябрь. /«Дунё» АА/. Жорий йил 1-5 октябрь кунлари Ар-Риёз шаҳрида Халқаро почта иттифоқининг (ХПИ) навбатдан ташқари IV Конгресси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.



Тадбирда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Жамшид Эгамбердиев бошчилигидаги мамлакатимиз делегация иштирок этди.

Мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчихонасидан маълум қилинишича, мазкур Конгресс давомида тарихий "Яшил пакет" тўғрисидаги  келишувга эришилди. Жумладан, мазкур жабҳа учун ихтиёрий иқлим ўзгариши мақсадлари, шунингдек, почта алоқаси соҳаси билан ўзаро боғланиш йўналишини белгилаб берувчи почта молия хизматларини модернизация қилиш режаси ҳам тасдиқланди.

Конгресс қатнашчилари Ўзбекистонда почта алоқаси соҳасида иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, унинг хўжалик юритишнинг бозор шароитларига ўтказилиши, кўрсатиладиган хизматлар турлари кенгайиб бораётгани, почта алоқаси хизматлари ва қўшимча хизматлар кўрсатиш учун тармоқлар ва воситаларни эркинлаштириш ҳамда уларни ривожлантириш чора-тадбирлари амалга оширилаётгани, почта алоқаси сифати ва ишончлилигини ошириш учун ахборот технологияларидан  қўлланилаётганлиги, бозор талабларини ҳисобга олган ҳолда паст нархлардаги хизматларнинг янги турлари жорий этилаётганлиги билан яқиндан таништирилди.

Мазкур ислоҳотлар ҳисобга олингани боис Конгресс доирасида Ўзбекистон Республикаси 2023 йилда "Жаҳон почта соҳасида етакчи" деб эълон қилингани ҳолда "Ёрқин юлдуз" халқаро мукофоти билан тақдирланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш