Logo

Мозори Шарифда Алишер Навоий ёдгорлиги учун тамал тоши қўйилди

Февраль 17, 2026. 11:00 • 57 сония

133
Мозори Шарифда Алишер Навоий ёдгорлиги учун тамал тоши қўйилди
Мозори Шарифда Алишер Навоий ёдгорлиги учун тамал тоши қўйилди

МОЗОРИ ШАРИФ, 17 февраль. /“Дунё” АА/. Кеча Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридаги Чавки-Қалаи-Ғазиён ҳудудида буюк мутафаккир Алишер Навоий шарафига барпо этиладиган ёдгорлик қурилишининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур лойиҳа Афғонистонда истиқомат қилувчи ўзбек ватандошларимиз ўртасида миллий маънавиятни мустаҳкамлаш, бой адабий меросни тарғиб қилиш ҳамда икки халқ ўртасидаги дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилди. Маросимда маҳаллий ўзбек жамоатчилиги вакиллари, Балх давлат университети профессор-ўқитувчилари, «Набизода» жамғармаси раҳбари Камол Набизода ҳамда Ўзбекистон консулхонаси ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Алишер Навоий нафақат туркий халқлар, балки Афғонистондаги барча миллатлар маданиятида алоҳида ўрин тутади. Унинг инсонпарварлик ва бағрикенглик ғоялари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шу боис, Мозори Шарифда бундай ёдгорликнинг қад кўтариши афғон ўзбеклари ҳаётида муҳим тарихий воқеа сифатида баҳоланди.

Таниқли шоир Абдулқодир Ҳамидий ва “Бобур” жамғармаси раҳбари Муҳаммад Наби ўз чиқишларида ушбу лойиҳа миллий ўзликни англашни мустаҳкамлаш ва тарихий хотирани асрашга хизмат қилишини қайд этдилар. Маросим якунида ёдгорлик қурилишига расман старт берилди. Ушбу маданий объект Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги гуманитар ҳамкорликнинг янги рамзига айланиши кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш