Logo

Макка шаҳридаги Масжидул-Ҳаром ҳудудида биринчи ўзбек миллий таомлари ресторани очилди

Февраль 17, 2025. 10:08 • 2 дақ

406
Макка шаҳридаги Масжидул-Ҳаром ҳудудида биринчи ўзбек миллий таомлари ресторани очилди

АР-РИЁЗ, 17 февраль. /"Дунё" АА/.  Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган энг мўътабар ва улкан масжид Масжидул-Ҳаром масжиди ҳудудида биринчи ўзбек миллий таомлари ресторани очилди, деб хабар беради "Дунё" АА мухбири.

Машҳур "The Clock Tower" мажмуасининг 3-қаватида жойлашган мазкур муассаса аллақачон зиёратчилар ва дунёнинг турли бурчакларидан келган меҳмонлар орасида машҳур масканга айланди.

Таъкидлаш керакки, мазкур лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси ва Жиддадаги Бош консулхонаси фаол иштирок этди. Дипломатик миссия ходимлари рестораннинг очилиши, ташкилий ва маъмурий масалаларда ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ушбу ҳудудда ўзбек ошхонаси ва маданиятини тарғиб қилишда яқиндан кўмаклашдилар.

450 нафар меҳмонга мўлжалланган ресторан мижозларга Ўзбекистоннинг бой гастрономик мероси билан яқиндан танишиш ва миллий ўзбек таомларини таклиф этади. Ресторан ўзининг қулай жойлашуви, яратилган дўстона муҳит ва юқори даражали хизмат туфайли нафақат ўзбекистонлик зиёратчилар, балки бошқа мамлакатлар вакилларининг ҳам эътиборини тортмоқда.

Мазкур муассасанинг очилиши алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, бу Масжидул-Ҳаром ҳудудидаги биринчи ўзбек ресторани ҳисобланади. Ресторан миллий ўзбек таомлари таклиф қилиш билан бирга, Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилишда ҳам муҳим ўрин тутади.

Палов, сомса, шўрва, манти ва бошқа миллий таомларимизни ўз ичига олган рестораннинг бой менюси Ўзбекистон ва бутун дунёдан келган зиёратчилар ўртасида ўзига хос гастрономик кўприкка айланади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш