Logo

IV Тошкент халқаро инвестиция форуми Италия оммавий ахборот воситалари диққат марказида

Июнь 14, 2025. 10:11 • 2 дақ

81
IV Тошкент халқаро инвестиция форуми Италия оммавий ахборот воситалари диққат марказида

РИМ, 14 июнь. /"Дунё" АА/. Италиянинг "Affari Italiani" газетасида пойтахтимизда бўлиб ўтган тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумига (ТХИФ) бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда форум ишида дунёнинг юздан ортиқ давлатидан 3 мингдан ортиқ иштирокчи, 7 та давлат ва ҳукумат раҳбари, 15 дан ортиқ вазир, шунингдек, жаҳон иқтисодиётининг муҳим тармоқларини ифодаловчи 30 га яқин халқаро ҳамкор ва ҳомийлар иштирок этгани қайд этилган.


"Тадбирнинг халқаро аҳамияти 80 дан ортиқ етакчи халқаро оммавий ахборот воситаларида ёритилиши билан ҳам таъкидланади, –дейилади мақолада. – Давлат раҳбарлари, вазирлар, тадбиркорлар ва инноваторлар Ўзбекистоннинг сармоявий имкониятларини ўрганиш ҳамда мамлакатнинг Марказий Осиёнинг стратегик маркази мақомини мустаҳкамлаш мақсадида йиғилишди."


Материалда форум ишида Италиянинг Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана бошчилигидаги 40 дан зиёд компания раҳбарларидан иборат делегация иштирок этгани хабар қилинган.


Бундан ташқари, 2025 йилнинг 12-13 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида биринчи Ўзбекистон-Италия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтгани маълум қилинган.


Италия босма нашри, шунингдек, форумнинг стратегик ҳамкорлари "Uzum", "ACWA Power" ва Тошкент-Самарқанд тезюрар темир йўли лойиҳасида иштирок этувчи "KOC Construction" компаниялари бўлгани ҳақидаги  маълумотларни ҳам муштарийлар эътиборига тақдим этган.


"Ўзбекистон ва Италия ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилган форум икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги иқтисодий ва маданий шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган. ТХИФ-2025 ва ҳудудлараро форум натижалари Ўзбекистон, Италия ва халқаро ҳамжамият ўртасида фаровон ҳамда инновацион келажак учун катализатор бўлиб хизмат қилади", – деб ёзилган "Affari Italiani" газетаси мақоласида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш