Logo

Покистон делегацияси IV Тошкент халқаро инвестиция форумида фаол иштирок этди

Июнь 16, 2025. 11:48 • 57 сония

59
Покистон делегацияси IV Тошкент халқаро инвестиция форумида фаол иштирок этди

ИСЛОМОБОД, 16 июнь. /"Дунё" АА/. Покистон темир йўллар вазирининг биринчи ўринбосари Мазҳар Али Шаҳ бошчилигидаги ушбу мамлакат делегацияси жорий йилнинг 10-12 июнь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган IV Тошкент халқаро инвестиция форумида фаол иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Жумладан, ушбу давлат делегация таркибидан 28 нафар етакчи компаниялар раҳбарлари, 4 та давлат ташкилотлари вакиллари ва 3 нафар ОАВ ходимлари ўрин олди.

Покистон делегацияси раҳбари форум доирасида Ўзбекистон транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Жасур Чориев ва "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ биринчи ўринбосари Ҳуснуддин Раҳметов билан икки томонлама музокаралар ўтказди. Учрашувларда Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, Покистон ишбилармон доиралари вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Наманган, Фарғона, Бухоро ва Сирдарё вилоятлари ҳоким ўринбосарлари ва маҳаллий тадбиркорлар билан B2B шаклида учрашувлар ўтказди. Музокаралар давомида тери ва жунни қайта ишлаш, тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш материаллари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, Покистон делегацияси аъзолари форум доирасида "Қорақалпоғистоннинг иқтисодий ривожланиш стратегияси: мавжуд ҳолат, ўсиш йўналишлари ва келажакдаги имкониятлар" мавзусида бўлиб ўтган панель сессиясида ҳам иштирок этди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш