Logo

Ўмонлик сармоядор Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдор

Февраль 22, 2024. 08:50 • 52 сония

410
Ўмонлик  сармоядор Ўзбекистондаги фаолиятини  кенгайтиришдан манфаатдор

МАСКАТ, 22 февраль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Абдусалом Хотамов "Oman Flour Mills SAOG" давлат компанияси директори, "Atyab Investments" компанияси президенти Ҳайсам ал-Фанна билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни жалб этишни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқа масалалар хусусида фикр алмашилди.

Ўмон вакили Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитларни ҳисобга олиб, янги лойиҳаларда иштирок этиш ниятини билдирди. Хусусан, у Ўзбекистонда мева-сабзавотларни қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек, озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотларини қадоқлаш учун ускуналар етказиб бериш таклифларини билдирди.

Учрашув якунида ўмонлик тадбиркорнинг жорий йилнинг март ойида Ўзбекистонга хизмат сафари уюштириш ва унинг давомида режалаштирилган янги сармоявий лойиҳаларни мамлакатимизнинг тегишли ташкилотлари вакиллари иштирокида муҳокама қилиш тўғрисида келишиб олинди.

"Atyab Investments" компанияси 1977 йилда Ўмонда озиқ-овқат саноатидаги биринчи акциядорлик жамияти сифатида рўйхатга олинган. Ушбу компания Тошкент вилоятида Ўзбекистондан экспорт қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларини халқаро сертификатлаш бўйича лаборатория ва ўқув маркази ташкил этиш учун бугунги кунга қадар 2 миллион доллар сармоя киритган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш