Logo

Польшанинг Торунь шаҳрида "Ўзбекистон инвесторлар куни" ташкил этилди

Май 25, 2025. 11:51 • 3 дақ

107
Польшанинг Торунь шаҳрида "Ўзбекистон инвесторлар куни" ташкил этилди

ТОРУНЬ, 25 май. /"Дунё" АА/. Юртимиз элчихонаси томонидан Польшанинг Куявия-Померания воеводлиги маъмурий маркази – Торунь шаҳридаги Николай Коперник номидаги университетда бизнес-форум ва "Ўзбекистон инвесторлар куни" тадбири ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон томонидан "Тараққиёт стратегияси" маркази директори Элдор Туляков, Олий суд раиси ўринбосари, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Полвонов ва ўзбек ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди. Польша томонидан эса Тараққиёт ва технологиялар вазирлиги, Польша инвестициялар ва савдо агентлиги, "Польша-Осиё" савдо палатаси, Куявия-Померания воеводлиги маршал идораси, Торунь шаҳар мэрияси раҳбарияти, ҳудудий савдо-саноат палатаси ҳамда "Equnico", "Polpharma", "Torun Direct", "Alsal", "ControlTec", "Trans-Rach" каби нуфузли компаниялар вакиллари қатнашди.

Мамлакатимиз дипломатлари томонидан ўтказилган тақдимотда Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар, инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар, ҳудудлараро ҳамкорликнинг ривожланиш тенденциялари, шунингдек, икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида маълумот берилди.

Польша Тараққиёт ва технологиялар вазирлиги бўлим бошлиғи, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича "Польша-Ўзбекистон" ҳукуматлараро комиссияси котиби Александр Милота ўз чиқишида Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда Польша учун муҳим ва истиқболли ҳамкор эканини таъкидлади. У икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётганига алоҳида эътибор қаратди.

Қайд этилишича, 2024 йил якунларига кўра Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 470 миллион АҚШ долларини, долларни ташкил этилди.

– 2025 йил февралда Польша Тараққиёт ва технологиялар вазирлиги давлат котиби Михал Ярос раҳбарлигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 8-йиғилиши ва бизнес-форум муваффақиятли бўлиб ўтди. Мазкур тадбирлар якунида эришилган келишувларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш Польша томони учун устувор аҳамият қаратмоқда, – деди Александр Милота.

Польша инвестициялар ва савдо агентлиги Савдо департаменти директори Мария Лубиан ўз навбатида поляк тадбиркорлари Ўзбекистондаги жадал иқтисодий ўсиш, кенг қамровли ислоҳотлар ва янги бозор имкониятлари фонида мамлакат билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини билдирди.

– Ўзбекистон-Польша муносабатларида ҳанузгача тўлиқ рўёбга чиқмаган улкан салоҳият мавжуд. Уни амалий натижаларга айлантириш мақсадида аниқ ва тизимли ишлар олиб борилиши лозим. Шу муносабат билан 2025 йилнинг иккинчи ярмида Польша инвестициялар ва савдо агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонасини очиш режалаштирилмоқда. Мазкур қадам Польша компанияларининг Ўзбекистон бозорига киришини енгиллаштириб, икки томонлама иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади", деди Мария Лубиан.

"Equnico", "Polpharma" ва "Trans-Rach" компаниялари раҳбарлари ўз тақдимотларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, бизнес муҳити ва истиқболдаги режалари ҳақида тўхталиб ўтишди. Улар, шунингдек, поляк тадбиркорларини мамлакатимиз иқтисодиётига инвестиция киритишга чақирдилар.

Тадбир иштирокчилари 2025 йил 10-12 июнь кунлари бўлиб ўтадиган 4-Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишга катта қизиқиш билдиришди.

"B2B" ва "G2B" форматларида ташкил этилган музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи бозорига чиқишида Польшанинг "дарвоза" ролини инобатга олиб, республикада ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш имконияти кўриб чиқилди.

Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистоннинг инвестиция ва туризм салоҳияти ҳамда "Термиз халқаро савдо маркази" эркин савдо зонаси фаолиятига бағишланган видеороликлар намойиш этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш