Logo

Қозоғистон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ҳаётида кечаётган муҳим воқеалар ҳақида ёзмоқда

Январ 20, 2025. 10:15 • 3 дақ

145
Қозоғистон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ҳаётида кечаётган муҳим воқеалар ҳақида ёзмоқда

ОСТОНА, 20 январь. /"Дунё" АА/. Қозоғистоннинг етакчи "Казинформ" халқаро ахборот агентлиги Ўзбекистон ҳаётида кечаётган долзарб воқеаларни ёритишда давом этаётир, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, мазкур манба 2024 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми 115 миллиард АҚШ долларига етгани ҳақидаги мақолани тарқатди.


Мақолада, шунингдек, Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати маълумотларига таяниб, 2024 йилда ялпи ички маҳсулот 6,5 фоизга, хорижий инвестициялар ҳажми 1,6 бараварга (35 миллиард АҚШ доллари) ошгани маълум қилинган. Қайд этилишича, умумий қиймати 10 миллиард АҚШ долларлик 242 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилиб, илк бор 27 миллиард АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди.


Нашр таъкидига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда жорий йилда инвестиция ва экспорт бўйича асосий вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 5,2 миллиард АҚШ долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилгани таъкидланди.


"Казинформ" ХАА, шунингдек, Ўзбекистон 2025 йилда 43 миллиард АҚШ долларлик инвестицияларни ўзлаштиришни режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, мамлакат ўз олдига экспорт ҳажмини 30 миллиард АҚШ долларидан оширишни мақсад қилиб қўйган.


Бундан ташқари, манбада Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига  аъзо бўлиш жараёни якуний босқичга ўтгани урғуланган.


Халқаро ахборот агентлиги, шунингдек, Ўзбекистон қандай чора-тадбирлар орқали экспорт ҳажмини оширишни режалаштираётгани ҳақида ҳам ёзган. Маълум қилинишича, республиканинг ўз хомашё базасига эга бўлган тўқимачилик ва электротехника саноати каби соҳаларда экспортни 2-3 баробар ошириш имконияти мавжуд. "Экспорт қилувчиларни айланма маблағлар билан таъминлаш учун алоҳида факторинг ташкилоти тузилиб, унга 100 миллион АҚШ доллари ажратилади. Бундан ташқари, корхоналарнинг ишлаб чиқаришни халқаро сертификатлаш талабларига мослаштириш харажатларининг 20 минг АҚШ долларигача бўлган қисми қоплаб берилади. Ривожланиш ва тадқиқот марказлари (R&D) учун лаборатория ускуналари божхона тўловларидан озод қилинади.


Маҳаллий маҳсулотларни халқаро маркетплейслар орқали тарғиб қилиш учун 2 миллион АҚШ доллари йўналтирилади", – дейилган мақолада.


"Казинформ" ХАА Ўзбекистон Президентининг Бирлашган Араб Амирликларига буюрган расмий ташрифини ҳам кенг  ёритди.


Хусусан, ахборот агентлиги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва БАА Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён Абу-Дабида тор доирада музокаралар ўтказиб, Ўзбекистон-БАА дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг муҳим масалаларини муҳокама қилгани ҳақидаги материалларни ўқувчилар эътиборига тақдим этди.


Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев ва Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, шунингдек, сунъий интеллект, рақамлаштириш, "яшил" энергетика, шаҳарсозлик ва инфратузилма, туризм ҳамда хусусий бизнес каби йўналишларда янги иқтисодий ҳамкорлик моделининг олтита асосий йўналишини белгилаб олди.


"Ўзаро ҳамкорликнинг ҳар бир устувор йўналиши бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар тузиш бўйича келишувга эришилди, – дейилади мақолада. –Томонлар 2025-2027 йилларни "Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги даври" деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватладилар. Шу нуқтаи назардан, 2030 йилга бориб ўзаро савдо ҳажмини 10 баробарга ошириш ва инвестиция портфелини 50 миллиард АҚШ долларига етказишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш асосий вазифа этиб белгиланди".


"Казинформ" ХАА шунингдек, Ўзбекистон ва БАА Президентлари учрашувлари якунида "Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги декларация" имзоланганини хабар қилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш