"News Central Asia" АА: Ўзбекистон ва Озарбайжон ўз олдига ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсадини қўйган
Июль 03, 2025. 12:03 • 2 дақ
• 78
АШХОБОД, 3 июль. /"Дунё" АА/. Туркманистоннинг "News Central Asia" ахборот агентлиги Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг етакчи илмий ходими Ирода Имомованинг "Ўзбекистон ва Озарбайжон: Барқарор дўстлик ва ишончли ҳамкорлик" сарлавҳали мақоласини эълон қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг 30 йиллик тарихий йўли ва бу мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати батафсил таҳлил қилинган.
Муаллиф Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг 30 йиллик тарихига, шунингдек, 2024 йилда имзоланган Иттифоқчилик шартномаси орқали икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичга кўтарилишига эътибор қаратган.
"Бу қарор, ҳар икки мамлакатнинг юқори даражадаги расмий мулоқотлари ва раҳбарларининг сиёсий иродаси орқали амалга оширилган. Икки давлат раҳбарларининг ўзаро ишончли ва самарали муносабатлари бу стратегик ҳамкорликнинг асоси бўлаётир", – дейилади материалда.
Шунингдек, нашрда 2017 йилдан буён икки мамлакат раҳбарлари 12 маротаба учрашгани ва бу учрашувлар икки томонлама алоқаларнинг янги босқичга чиқишини таъминлагани таъкидланган.
Мақолада икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг катта ривожланиши ва савдо айланмасининг 8 мартага кўпайгани ҳақида ҳам сўз боради. "Ўзбекистон ва Озарбайжон ўз олдига ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсадини қўйган. Ушбу мақсадга эришиш учун, кўплаб қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари ва инвестицион дастурлар амалга оширилмоқда. Масалан, автомобиль саноати, текстиль йўналиши, шунингдек, агросаноат соҳасида ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда", – дейилган материалда.
Қайд этишича, бундай яқин шериклик икки мамлакатта иқтисодиётларини диверсификациялаш ва давлатларнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, нашрда 500 миллион долларлик умумий капиталга эга бўлган Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция компанияси 360 миллион доллардан ортиқ қийматдаги 15 та лойиҳани амалга ошираётгани ҳақида ўқувчиларга маълумот берилган.
"News Central Asia" ААда жойлаштирилган мақолада Ўзбекистон-Озарбайжон ўртасидаги маданий ва гуманитар алоқаларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилган. "Ўзаро маданий қадриятларни қадрлаш, икки халқнинг тарихи ва маданиятига бўлган қизиқиш, шунингдек, таълим, илм-фан йўналишидаги ҳамкорлик тобора ривож топиб бормоқда. Туризм соҳасидаги шериклик эса алоҳида мавзу саналади. Ҳар икки мамлакат туристлар алмашинувини кўпайтиришдан бирдек фойда кўради", – дейилган мақолада.
"News Central Asia" АА, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон туризм ва таълим соҳасида янгидан-янги қўшма лойиҳаларни амалга ошираётгани ҳақида ёзган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди