Logo

"Казинформ" ХАА:  Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми салкам 1,4 миллиард долларга етди

Май 26, 2025. 16:56 • 2 дақ

69
"Казинформ" ХАА:  Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми салкам 1,4 миллиард долларга етди

ОСТОНА, 26 Май. /"Дунё" АА/. 2025 йилнинг январь-апрель ойлари якунларига кўра, Қозоғистон Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари учлигидан жой олди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Казинформ" халқаро ахборот агентлигининг Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига асосланиб ёзишича, шу йил январь-апрель ойларида мамлакат ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,3 фоизга ўсиш билан 24,6 миллиард АҚШ долларига етди.

Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистон 183 та мамлакат билан савдо қилади. Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари орасида Хитой етакчилик қилмоқда. Белгиланган даврда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,1 миллиард доллардан ошди бу эса умумий кўрсаткичнинг 17 фоизи демакдир.

Товар айланмаси бўйича Россия кейинги ўринда – 15,1 фоиз. Январь-апрель ойларида ушбу мамлакат билан импорт ва экспорт ҳажми 3,7 миллиард доллардан зиёд бўлди.

Қозоғистон бу борада учинчи мамлакат бўлиб турибди. Январь-апрель ойларида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,4 миллиард долларга яъни 5 фоизга яқинлашди. Бу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 168 миллион долларга юқори. Хусусан, январь-апрель ойлари ҳолатига кўра Ўзбекистон Қозоғистонга 405,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган ва 986,8 миллион доллардан ортиқ импорт қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,2 миллиард доллардан ошган. Шунингдек, Расмий Остона ва Тошкент ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини йилига 10 миллиард долларга етказиш нияти борлигини билдирган эди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш