Германия ССП: Германия ўзбекистонлик ёшларга сифатли касбий таълим олиш имкониятини тақдим этади
Июль 09, 2025. 14:33 • 2 дақ
• 63
ЭМДЕН, 9 июль. /"Дунё" АА/. Германия Савдо-саноат палатаси (СПП) сайтида Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатовнинг Қуйи Саксония федерал ўлкасининг Шарқий Фризия ва Папенбург Савдо-саноат палатасига (IHK) ташриф буюргани ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистон дипломатлари федерал ўлкадаги касб-ҳунар таълими имкониятлари билан танишгани ва тегишли ташкилотлар мутасаддилари билан учрашув ўтказиб, ёшларларни касбларга ўқитиш, тил ўргатиш, қолаверса икки мамлакат ўртасидаги миграция келишувини фаол амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашгани таъкидланган.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон элчиси ўз мамлакатини нафақат иқтисодий соҳада, балки таълим ва интеграция йўналишларида ҳам ишончли ҳамкор сифатида тақдим этди. Дипломат Ўзбекистон мактабларида 400 мингдан ортиқ ўқувчи немис тилини ўрганаётганини, шу боис немис тили мамлакатдаги муҳим чет тилларидан бири ҳисобланишини маълум қилди. "Учрашувлардан мақсад миграция келишуви доирасида касбий таълимга ўқитиш ва малакали ишчиларни Германияда меҳнат фаолиятига жалб қилиш борасида ҳамкорликни кенгайтириш", – дея Ўзбекистон элчисининг сўзларидан иқтибос келтирилган манбада.
Мақолада таъкидланишича, Савдо-саноат палатаси президенти Тео Эйлерс таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик бугунги кунда мамлакатдаги долзарб иқтисодий масалаларга аниқ ечимлар бериши мумкинлигини маълум қилган. Унинг айтишича, агар ўзбек ёшлари мактабданоқ немис тилини ўрганаётган бўлса, бу уларнинг Германия жамиятига интеграциялашуви учун ҳам, малакали мутахассислар етишмовчилиги мавжуд немис компаниялари учун ҳам катта афзалликлар беради.
Шунингдек, мақолада Шарқий Фризия ва Папенбург Савдо-саноат палатаси бошқарувчи директори Макс-Мартин Дейнхарднинг қўйидаги фикрлари келтирилган: "Ўзбекистон билан ҳамкорлик икки томонлама манфаатлидир. Бу бир томондан федерал ўлкадаги корхоналарни малакали мутахассислар билан таъминлашга ёрдам берса, бошқа томондан ўзбекистонлик ёшларга Германияда сифатли таълим олиш имкониятини беради".
Бундан ташқари, нашрда Ўзбекистон делегация Эмден шаҳридаги 2-касб-ҳунар мактабига ва "Rolf Janssen GmbH" касб-ҳунарга ўқитиш корхонасига ташриф буюриб, ушбу ташкилотлар фаолияти билан танишгани қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди