Logo

Қатардан муносабат: Ўзбекистон Президентининг Габалада ўтган ТДТ саммитидаги иштироки прагматик қадамдир

Октябрь 09, 2025. 12:57 • 2 дақ

31
Қатардан муносабат: Ўзбекистон Президентининг Габалада ўтган ТДТ саммитидаги иштироки прагматик қадамдир

ДОҲА, 9 октябрь. /"Дунё" АА/. "Mashael AlSulaiti Law Firm" компанияси эксперти Абдулрауф Муҳаммад Ғарибий "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилотининг Габалада бўлиб ўтган саммитидаги нутқи ҳақидаги фикрларни билдирди:

 – Президент Шавкат Мирзиёевнинг Габалада ўтган ТДТ саммитидаги иштироки прагматик қадамдир. Бу платформадан иқтисодий ва инфратузилмавий ташаббусларни илгари суриш, шунингдек, Озарбайжон билан транспорт, энергетика, таълим ва савдо соҳаларида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун фойдаланиш мумкин.

Саммит ТДТнинг рамзий "қардошлар клуби"дан минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий архитектурага мослашишга интиладиган институционаллаштирилган форматга ўтишини тасдиқлади. Ўйлайманки, асосий ташаббуслар қаторига Европа ва Осиё ўртасида транзит ва логистика муқобили сифатида "Ўрта йўлак"ни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда амалий ҳамкорлик механизмлари: иқтисодий кенгаш, қўшма транспорт ва логистика лойиҳалари ва бошқалар киради.

Президент Шавкат Мирзиёев "Ўрта йўлак" ишбилармон доиралар учун энг қулай шароитларни таъминлаши керак", деб таъкидлади.

"Ўрта йўлак" бўйлаб транзит оқимларининг прогноз қилинаётган ўсиши транзит, логистика ва тегишли хизматлардан тушумларнинг ўсиши учун узоқ муддатли салоҳиятни очиб беришини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу, шубҳасиз, транзит вақтларининг сезиларли қисқаришига, ташиш ҳажмининг ошишига, омбор ва транспорт инфратузилмасига инвестицияларнинг кириб келишига олиб келади.

Бундан ташқари, бу логистика харажатларини камайтириш ва транзит марказлар яқинида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, иш ўринлари яратиш ва экспортга йўналтирилган саноатлаштиришни рағбатлантириш учун имкониятларни очиб, Ўзбекистон товарлари учун Европа бозорларига чиқиш имкониятини оширади.

Ўзбекистоннинг йирик минтақавий лойиҳалар бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр шерик сифатида ўсиб бораётган геосиёсий обрўси инвесторлар ва кредиторлар билан музокаралар олиб боришда янада қулай шарт-шароитларни яратишга хизмат қилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтишим мумкинки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ТДТнинг Габала саммитидаги иштироки Ўзбекистон учун "Ўрта йўлак" бўйлаб транспорт транзитини чуқурлаштириш, сармояларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини кенгайтиришга янги имкониятларни очиб беради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш