Logo

«Times Kuwait» газетаси: Ўзбекистонда давлат тили билан бирга бошқа тилларни ўрганишга тенг шароитлар яратилган

Октябрь 21, 2025. 07:29 • 3 дақ

55
«Times Kuwait» газетаси: Ўзбекистонда давлат тили билан бирга бошқа тилларни ўрганишга тенг шароитлар яратилган

АЛ-КУВАЙТ, 20 октябрь. «Дунё» АА/. Кувайтнинг «Times Kuwait» газетасида «Ўзбекистонда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни сифатида кенг нишонланади» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Нашрда маълум қилинганидек, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни бундан 36 йил олдин, 1989 йил 21 октябрда – қабул қилинган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 21 октябрда имзоланган «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига биноан ушбу тарихий сана байрам куни сифатида белгиланди.

«Ўзбек тили – Ўзбекистон аҳолисининг мутлақ кўпчилиги ташкил қиладиган ўзбек халқининг она тилидир. У Ўзбекистон бирлиги ва яхлитлиги, жамият жипслигининг муҳим омили ҳисобланади», – деб ёзилган нашрда.

Нашрда бугунги кунда Ўзбекистон 150 та миллий маданий марказ иш юритаётгани, ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатаётгани, мактабларда таълим-тарбия жараёни 7 та тилда олиб борилаётгани, бу дунё амалиётидаги ноёб тажриба эканлиги таъкидланган. Шунингдек, республикада чет тилларга ихтисослашган ва ўқув машғулотлари хорижий тилларда ўтиладиган таълим масканлари сони ортиб бораётганлиги урғуланган. Яъни Ўзбекистонда давлат тили билан бирга бошқа тилларни ўрганишга тенг шароитлар яратилган.

«Ўзбек тилида сўзлашувчилар сони кўплигига кўра, сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 та тилдан бири ҳисоблади. Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши эса унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради», – дея таъкидланган материалда.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқларда она тилини қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги амалий ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Бу ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътиборини тубдан ошириш бўйича қабул қилинган тарихий фармон ва қарорлар самараларини яққол тасдиқлайди.

Бугунги кунда Вазирлар Маҳкамаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси фаолият кўрсатмоқда. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети таркибида амалий филология ва компьютер лингвистикаси бўйича янги йўналишлар очилган. Университет қошида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази, 6 та махсус ўқув курси ва Алишер Навоий халқаро жамғармаси ташкил этилган.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлгани Ташкилот доирасида иқтисодий алоқаларни кучайтириш билан бирга, туркий тиллар, хусусан, ўзбек тилининг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Мамлакат ташаббуси билан мазкур ташкилотнинг Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилди.

«Янги Ўзбекистонда ўзбек тилининг мамлакат халқи ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, жамият ҳаётида давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга қаратилган янгидан-янги ташаббуслар илгари сурилаётгани жуда муҳим», – дейилган мақола хулосасида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш