Logo

Александра Уилтон Варен: Форумнинг Самарқандда ўтказилиши ўзаро тажриба алмашиш ва салоҳиятни мустаҳкамлаш учун ажойиб имкониятдир

Июнь 25, 2025. 13:00 • 2 дақ

79
Александра Уилтон Варен: Форумнинг Самарқандда ўтказилиши ўзаро тажриба алмашиш ва салоҳиятни мустаҳкамлаш учун ажойиб имкониятдир

САМАРҚАНД, 24 июн. /"Дунё" АА/. Швеция Адлия вазирлигининг ҳуқуқий масалалар бўйича бош директори Александра Уилтон Варен "Дунё" учун интервьюсида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Давлат хизматлари форумининг аҳамияти ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Ўзбекистонга биринчи ташрифим, шуни айтишим мумкинки, ўзбек халқининг самимийлиги ва меҳмондўстлигини аллақачон ҳис қилдим. Бу мамлакатнинг гўзаллиги ва маданияти мени ҳайратда қолдирди. Ташриф давомида юртингиз билан яқиндан танишишни интиқлик билан кутяпман.

Биз ушбу муҳим форумда миграция ва мобиллик масалаларини муҳокама қилиш, бу борадаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида иштирок этяпмиз. Ташрифимиз икки кунга мўлжалланган – бир кун Самарқандда, иккинчи куни эса Тошкентда бўламиз. Юртингизга ташрифимиздан асосий мақсад Швеция ва Ўзбекистон ўртасида миграция ва мобиллик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма ният декларациясини имзолашдан иборат. Бу икки давлат учун жуда муҳим бўлган соҳада икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги муҳим қадамдир.

Қолаверса, ушбу халқаро форумда иштирок этиш биз учун катта шараф ҳамдир. Бу миграция, мобиллик ва давлат бошқарувининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун бутун дунёдан экспертлар, ҳукумат амалдорлари ва манфаатдор томонларни бирлаштирган ажойиб платформа ҳисобланади. Ташкилийлик даражаси ва иштирок кўлами менда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистонга бундай юқори савияда ташкил этилган тадбир учун ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

Ушбу форум ҳақиқатан ҳам жуда муҳим ва долзарбдир. Швецияда бу ерда муҳокама қилинган кўплаб мавзулар бизнинг ижтимоий сиёсат тизимини шакллантиришда ва миграция қонунчилигини ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнади.

Ўзбекистонда айни пайтда барча жабҳада, шу жумладан, давлат бошқаруви соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Форумнинг бу ерда ўтказилиши тажриба алмашиш ва салоҳиятни ошириш учун ажойиб имкониятдир. Шунингдек, бу Ўзбекистоннинг миграция ва мобиллик бўйича халқаро мулоқотда фаол иштирок этишга тайёрлигини кўрсатади.

Юқорида айтиб ўтганимдек, ҳукуматларимиз ўртасида Қўшма аҳдлашув декларациянинг имзоланиши ташрифимизнинг марказий воқеаси бўлади. Ушбу ҳужжат миграцияни бошқариш, ишчи кучи ҳаракатчанлиги ва ҳуқуқий ҳамкорлик соҳасидаги келгуси шериклик учун асос бўлади. Биз буни узоқ муддатли ва кенг қамровли ҳамкорликнинг бошланиши деб биламиз.

Биз буни узоқ муддатли ва кенг қамровли ҳамкорликнинг бошланиши деб биламиз. Ташрифимиз дастуридан, шунингдек, бир қатор учрашувлар ва миграция соҳасида фаолият юритувчи Ўзбекистон муассасаларига ташрифлар режалаштирилган. Бу бизга бир-биримизнинг ёндашувимизни яхшироқ тушуниш ва ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг аниқ йўналишларини аниқлаш имконини беради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш