Logo

Германиядан муносабат: Ўзбекистоннинг ТДТдаги фаол иштироки мамлакатнинг нафақат Марказий Осиёда, балки бутун туркий дунёда стратегик муҳим давлат сифатидаги ролини мустаҳкамлашга хизмат қилади

Октябрь 13, 2025. 12:12 • 2 дақ

32
Германиядан муносабат: Ўзбекистоннинг ТДТдаги фаол иштироки мамлакатнинг нафақат Марказий Осиёда, балки бутун туркий дунёда стратегик муҳим давлат сифатидаги ролини мустаҳкамлашга хизмат қилади

БЕРЛИН, 13 октябрь. /"Дунё" АА/. Германия Иқтисодий ривожланиш ва ташқи савдо федерал ассоциацияси бошқарувчи директори Урс Ункауф "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) навбатдаги саммитидаги иштироки ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Озарбайжоннинг Габала шаҳрида ТДТнинг "Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик" мавзусида бўлиб ўтган навбатдаги саммити нафақат хавфсизлик, балки иқтисодий, ижтимоий, гуманитар соҳаларда ҳам ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги муҳим воқелик бўлди, деб ўйлайман.

Ўзбекистон Президентининг саммитдаги нутқида илгари сурган таклиф ва ташаббуслари аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш йўлида конструктив характери билан ажралиб турди.

Давлат раҳбари таъкидлагани каби, Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартноманинг яқин келажакда қабул қилиниши аъзо давлатлар ўртасида фаол ва жадал шаклланиб бораётган узоқ муддатли ҳамкорликнинг мустаҳкам асосини яратиш имконини беради.

Ўзбекистон Президентининг Ташкилотнинг 2030 йилга қадар бўлган ривожланиш стратегияси ва махсус "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш таклифи барча йўналишларда амалий ҳамкорликни тизимли амалга ошириш ва самарадорликка эришиш учун зарур восита бўлиб хизмат қилади, деб ўйлайман.

Қайд этилганидек, жаҳон савдо ва иқтисодиётидаги бугунги беқарор вазиятда савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, савдо, бизнес ва ўзаро инвестициялар учун қулай шароитлар, ҳуқуқий база ва инфратузилмани яратиш минтақавий иқтисодий барқарор ривожланишнинг энг муҳим омили ҳисобланади.

Ўзбекистон Президенти "Ўрта йўлакни" ривожлантириш борасида мазкур йўлак рақобатбардошлигини таъминлаш, мақбул транзит тарифларини қўллаш, замонавий транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва рақамлаштирилган божхона тартиботини жорий қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш устувор вазифа эканлигини таъкидлади ва иштирокчилар эътиборини айни пайтда қурилаётган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ва Трансафғон йўлагининг минтақа келажаги учун аҳамиятига қаратди.

Ишончим комилки, Ўзбекистоннинг ТДТдаги фаол иштироки мамлакатнинг нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки бутун туркий дунёда ҳам стратегик муҳим аъзо давлат сифатидаги ролини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш