Германиядан муносабат: Имзоланган битим Европа компанияларининг Ўзбекистонга бўлган ишончини ва мамлакатга сармоя киритиш истагини ошишига хизмат қилади
Октябрь 27, 2025. 11:34 • 3 дақ
• 43
БЕРЛИН, 27 октябрь. /"Дунё" АА/. "Jura One" ҳуқуқшунослик мактаби раҳбари ва "Laurea Germania" компанияси бош директори Зёрен Кролл (Германия) "Дунё" АА учун интервьюсида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга буюрган ташрифи якунлари ва Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланишининг аҳамияти ҳақидаги фикрларини баён қилди:

– Ўзбекистонда қарийб ўн йилдан бери фаолият юритаётган ва мамлакат билан чамбарчас боғлиқ тадбиркор сифатида мен Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланганидан жуда мамнунман.
Бу битимнинг имзоланиши сўнгги ўн йилликда Ўзбекистонда амалга оширилган изчил ривожланишлар ҳамда мамлакатнинг барча соҳаларда дунёга, Европа томон очилишининг мантиқий натижаси, деб ўйлайман. Шунингдек, узоқ йиллардан буён олиб борилган бир неча босқичлардан ўтган чора-тадбирлар натижаси ҳамдир. Хусусан, охирги бўлиб ўтган "Марказий Осиё-Европа Иттифоқи" саммитида ҳам бир қатор келишувларга эришилган эди. Энди эса Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари белгиланди. Шу боис, бу тарихий воқеа сиёсий ва савдо-иқтисодий соҳаларда Европага нисбатан олиб борилган узоқ муддатли очиқлик сиёсатининг мантиқий давоми ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳужжат ЕИ мамлакатлари, жумладан Германия учун ҳам манфаатли, чунки бу орқали ҳамкорликнинг сиёсий ва ҳуқуқий асоси яратилди.
Битим сиёсат, савдо-иқтисодий ҳамда хавфсизлик соҳаларида шаклланган алоқаларни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос яратади ва Европа компанияларининг Ўзбекистонга бўлган ишончини ва мамлакатга сармоя киритиш истагини ошишига хизмат қилади.
Европада муҳим ҳисобланган бир нечта тамойиллар мавжуд. Улардан бири — умумий қадриятларга содиқликдир. Ушбу битимда, Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммитида бўлгани каби, демократия, ҳуқуқ устуворлиги, асосий эркинликлар ва барқарор ривожланиш тамойилларига содиқлик қайд этилган. Бу эса иқтисодий ҳамкорлик учун ҳам мустаҳкам пойдевор саналади.
Ўзбекистонга кўрсатилган ишонч мамлакатнинг сўнгги йиллардаги ривожланиши натижасида пайдо бўлди ва ўзини оқлади. Айниқса, 2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида глобал миқёсда олиб борилган очиқлик сиёсати ва 2023 йилда янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилинишини эслаш жоиз. Унда ҳам асосий қадриятлар мустаҳкам ўрин олган. Шунинг учун мазкур битим тасодифий эмас, балки Ўзбекистоннинг ривожланиш жараёнининг мантиқий натижаси, деб ҳисоблайман.
Ўзбекистон Президентининг Белгияга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтган ишбилармонлар билан учрашувда йирик европалик компаниялар вакилларининг иштироки бунинг яққол исботи бўлди.
Германия Европа Иттифоқининг аъзо давлати сифатида, албатта, ушбу битимдан манфаатдор. Ҳозирда Ўзбекистонда Германиянинг 200дан ортиқ компаниялари фаолият юритмоқда. Германия ва Европанинг умумий қадриятлари эндиликда Ўзбекистон билан ҳам аниқ ифодаланган бўлиб, бу Германияда ҳам мамлакатга бўлган ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари