Logo

Хитой экспертлари: Ўзбекистон минтақавий ва халқаро миқёсда бирлаштирувчи кун тартибини илгари сурмоқда

Октябрь 24, 2025. 13:15 • 3 дақ

106
Хитой экспертлари: Ўзбекистон минтақавий ва халқаро миқёсда бирлаштирувчи кун тартибини илгари сурмоқда

ПЕКИН, 24 октябрь. /"Дунё" АА/. Хитойнинг етакчи таҳлилий марказларидан бири – Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институтида жорий йил 1 сентябрь куни Тяньцин шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммити ва "ШҲТ плюс" форматидаги мулоқотда Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббуслар бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институтлари, Хитой Давлат кенгаши ҳузуридаги Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти, Хитой халқаро тадқиқотлар академияси, Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси қошидаги Евроосиё институти, ШҲТ Котибияти раҳбарлари ва етакчи экспертлари, маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

  Иштирокчиларга давлатимиз раҳбари томонидан ШҲТ саммитида эълон қилинган ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти атрофлича тушунтирилиб, Ўзбекистон-Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларининг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Сунь Чжуанчжи, Стратегик тадқиқотлар ва Европа ҳамкорлик институти директори:

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТ ва "ШҲТ плюс" саммитларидаги ташаббуслари прагматик ва концептуал характерга эга бўлиб, улар глобал аҳамиятга эга.

Тез ўзгариб бораётган халқаро шароитда иқтисодий ривожланиш, хавфсизликни таъминлаш, гуманитар алоқаларни чуқурлаштиришга қаратилган конструктив ташаббуслар халқаро ҳамжамият учун ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир.

Ўзбекистон етакчисининг тегишли таклифлари ШҲТ фаолияти самарадорлигини янада оширишга, шунингдек, Ташкилот доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Ишончим комилки, ШҲТнинг муҳим материаллар бўйича минтақавий маркази, энергетика концорциуми, венчур капитал компаниялари ва фондлари тармоғини ташкил этиш бўйича таклифлар иқтисодий салоҳиятни мустаҳкамлаш ва инновацияларни рағбатлантириш нуқтаи назаридан ўз вақтида билдирилди. Буларнинг барчаси Хитойнинг "Бир макон ва бир йўл" ташаббуси доирасида юқори сифатли ҳамкорлик ва "яшил" саноатни ривожлантириш устуворликларига тўлиқ мос келади.

Бугунги очиқ мулоқот Марказий Осиё ва ШҲТдаги ўзгаришларни кузатувчи етакчи таҳлилий марказларга нафақат Ўзбекистон Президенти таклифларини чуқурроқ ўрганиш, балки ШҲТни келгусида ривожлантириш бўйича мамлакатларимизнинг қарашлари ва ёндашувларини қиёсий таҳлил қилиш имконини берди.

Сохайл Хан, ШҲТ бош котиби ўринбосари: 

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тянтьцин саммити доирасида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган муҳим ташаббусларни атрофлича кўриб чиқдик. Ўзбекистон раҳбари, айниқса, умумий минтақамизда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш борасида жуда муҳим ва зарур ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон эришаётган ютуқлар бизни қувонтираётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Ўзбекистон раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли мамлакатда жиддий ўзгаришлар рўй бераётганини кўряпмиз. Барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун кўплаб муҳим йўналишлар мавжуд. Хусусан, ШҲТ маконида рақамли технологиялар жадал ривожланиб, янги имкониятлар очмоқда. Биз Ўзбекистон ва ШҲТга аъзо бошқа давлатлар билан барча соҳаларда фаол ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Ли Юньцюань, Хитой Давлат кенгаши ҳузуридаги Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёти институти илмий кенгаши директори:

Биз Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тяньцзинда бўлиб ўтган ШҲТ ва "ШҲТ плюс" саммитлари чоғида эълон қилинган ташаббусларини диққат билан ўрганиб чиқдик.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон раҳбари доимо нафақат минтақавий, балки халқаро муаммоларни ҳам қамраб олган амалий ва долзарб ташаббусларни илгари суради. Бугунги кунда дунё мураккаб жараёнларни бошидан кечирмоқда ва ноаниқлик билан тўла. Бундай шароитда Ўзбекистоннинг ташаббуслари беқиёс.

Дин Сяосин, CАСМО қошидаги Евроосиё институти директори:

– Ўзбекистоннинг ШҲТ ривожига қўшган ҳиссаси яққол кўриниб турибди. Ўзбекистон раҳбари ташкилотимиз фаолиятига янада кучли туртки беришга қаратилган дадил ва муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тяньцзин саммитидаги "ишончни тиклаш, тинч-тотув яшашга интилиш, халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган принсип ва нормалари" зарурлиги ҳақидаги чақириқлари Раис Си Цзиньпин илгари сурган Глобал бошқарув ташаббусига мос келади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш