"Альянс-Пресс" АА: Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан маданий алоқаларни мустаҳкамламоқда
Январ 15, 2025. 09:14 • 2 дақ
• 89
БИШКЕК, 15 январь. /"Дунё"АА/. Қирғизистоннинг "Альянс-Пресс" ахборот-таҳлилий агентлиги маданият вазири Озодбек Назарбековнинг Ўзбекистон маданий дипломатиясига бағишланган мақоласини эълон қилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Муаллифнинг ёзишича, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан алоқаларини мустаҳкамлашда маданий дипломатия катта роль ўйнайди. У ўзаро тушуниш, анъаналарни ҳурмат қилиш, бир муҳит ва маконда яшовчи миллатлар ва халқлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида санъат асарлари ва бошқа маданий компонентлар алмашинувини ўз ичига олади.
"Тинчликсевар ва прагматик хусусиятга эга Ўзбекистон ташқи сиёсатининг сезиларли даражада фаоллашуви шароитида мамлакатимиз ўзига хос маданий дипломатиясини амалга ошириш учун тарихан ноёб салоҳиятга эга", - деб ёзади Озодбек Назарбеков.
Қайд этилишича, бугунги кунда кўплаб хорижий давлатларда "Ўзбекистон маданияти кунлари" мунтазам ўтказиб келинмоқда. 2021-2024 йилларда бундай тадбирлар 40 та мамлакатда ўтказилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон турли халқаро ташкилотлар доирасида маданий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурмоқда.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон маданият, фан ва таълим соҳаларида ҳамкорликка оид юздан ортиқ битимларни ратификация қилган. Бу борада халқаро алоқаларнинг асосий йўналишлари мамлакатимизнинг бой бадиий ва маданий қадриятларини оммалаштиришдан иборат эканлиги таъкидланади.
2021-2024 йилларда турли мамлакатларнинг йирик шаҳарлари - Дубай, Шаржа, Доҳа, Милан, Венеция, Флоренция, Париж, Берлин, Пекин, Ханчжоу, Боку ва бошқа жойларда 26 та халқаро тадбир ўтказган Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ҳиссаси алоҳида эътироф этилади.
Мақолада бу каби саъй-ҳаракатлар нафақат халқаро миқёсда мамлакатларнинг ижобий имижини шакллантиради, балки бошқа давлатларнинг халқлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга замин яратиши таъкидланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари