Logo

Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим Италия эксперт доиралари вакиллари нигоҳида

Октябрь 27, 2025. 13:50 • 2 дақ

58
Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим Италия эксперт доиралари вакиллари нигоҳида

РИМ, 27 октябрь. "Дунё" АА/. Италиянинг Осиё тадқиқотлари институти сайтида Сиена университети профессори Фабио Индеонинг "Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битимни имзолади" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё АА мухбири.

Мақола муаллифи, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга расмий ташрифини Европа Иттифоқи билан муносабатларда янги босқич бошланганининг муҳим рамзи сифатида баҳолаган.

"Бу жараённинг асосий йўналишлари сифатида савдо, инвестициялар, барқарор ривожланиш, транспорт алоқалари, интеллектуал мулк, иқлим ўзгариши ва инсон ҳуқуқлари соҳаларини қайд этиш мумкин, – деб ёзган у. – Шу билан бирга, ташқи сиёсат, хавфсизлик, киберхавфсизлик ва низоларни олдини олиш бўйича ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда".

 Нашрда таъкидланишича, 2024 йилда икки томонлама савдо ҳажми 4,8 миллиард АҚШ долларга етгани Европа Иттифоқи ва Ўзбекистоннинг савдо имкониятлари тобора кенгайиб бораётгани билан изоҳланади. Шунингдек, Европа томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ташаббусини қўллаб-қувватлаётгани муҳим дипломатик қадамдир.

Қайд этилганидек, ташриф доирасида ўтказилган бизнес-форум якунлари бўйича энергетика, кимё, муҳим минераллар, логистика, тўқимачилик ва фармацевтика соҳаларида қиймати 10 миллиард евродан зиёд келишувлар имзолангани Европа компанияларининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши янада ортиб бораётганини кўрсатади.

Шу билан бирга, профессор расмий Тошкент ва Брюссель учун транспорт алоқалари ва муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорликни стратегик устувор йўналишлардан бири сифатида таъкидлаган.

"Мазкур битимнинг яна бир муҳим жиҳати сифатида инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатлар ва барқарор қоидаларни тақдим этилишини қайд этиш мумкин. Бундай меъёрлар – божхона тизимидаги шаффофлик, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва низоларни ҳал этиш механизмларини ўз ичига олиб, Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ҳамда мамлакатнинг халқаро обрўсини мустаҳкамлайди", – деб ёзилган материалда.

Фабио Индео ўз мақоласи якунида "Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик нафақат иқтисодий, балки геосиёсий аҳамиятга ҳам эга", – дея урғулаган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш