Мадс Фриландер: Марказий Осиё келишмовчиликларни биргаликда енгиб ўтиш ва тинчлик йўлида ҳаракат қилиш намунасидир
Октябрь 16, 2025. 20:08 • 2 дақ
• 114
ФАРҒОНА, 16 октябрь /Дунё" АА/. "PeaceNexus" жамғармаси директори ўринбосари Мадс Фриландер (Швейцария) "Дунё" АА учун интервьюсида 15-16 октябрь кунлари бўлиб ўтаётган "Фарғона водийси: тинчлик ва тараққиёт йўлида бирдамлик" мавзусидаги Фарғона тинчлик форумининг биринчи йиғилиши ҳақидаги фикрини билдирди:

– Бугун кунни уч мамлакат етакчиларининг дадил ва пухта ўйланган сиёсий қарорлари туфайли амалга оширилган жуда муҳим воқеа, деб ҳисоблайман. Бироқ бу ютуқни барча жамият – барчамиз, ҳам минтақа ичида, ҳам ташқаридан дўстларимиз қўллаб-қувватлаши керак.
Бу воқеа бизни бирлаштириб, "Ҳа, биз бунга буюк етакчилик туфайли эришдик, энди буни қандай қилиб асраб-авайлашимиз мумкин?" дейиш имкониятини беради. Ишончим комилки, кечаги ва бугунги воқеалар турли мамлакатлар ва соҳалар вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни намоён этади. Бу тарихий лаҳза ва имкониятдир, тинчликни келгуси авлодлар фаровонлиги учун янада мустаҳкамлашимиз керак.
Ушбу воқелик Марказий Осиё мамлакатлари учун нафақат ички воқеа, балки бутун дунёга хушхабар ҳамдир. Жаҳоннинг кўплаб минтақалари кескинлик ва беқарорликни бошдан кечираётган бир пайтда, Марказий Осиё келишмовчиликларни бартараф этиш ва тинчлик йўлида ҳаракат қилишнинг намунасини кўрсатмоқда.
Ишончим комилки, доимий ҳамкорлик ва очиқлик, шерикликка асосланган мулоқот ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Умумий манфаатлар, албатта, муҳим, лекин ҳалол ва узлуксиз мулоқот айниқса долзарбдир. Бу битта учрашув билан чекланиб қолмаслиги керак – бу доимий бўлиши керак. Шунда биз бир-биримизни яхшироқ тушунишимиз ҳамда қийин ва фаровон кунларда бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз мумкин. Бугунги кунда дунё тез ўзгармоқда. Шу боис бу ерда, Европада ва бутун дунёда тинчлик ва тараққиётни таъминлаш учун доимий саъй-ҳаракатлар зарур.
Мен Ўзбекистонда бир неча бор бўлганман, лекин Фарғона водийсига биринчи марта келишим. Бу мен учун катта бахт. Ўзбекистон нафақат ўз қиёфасини, балки бутун Марказий Осиё қиёфасини қандай ўргартираётгани менда катта таассурот қолдирди. Бу ишончни уйғотади ва эътиборни тортади. Унинг фаол ва конструктив позицияси туфайли минтақага, хусусан, Ўзбекистонга қизиқиш ва инвестициялар ортиб бормоқда.
Албатта, бу вақт ўтиши билан ривожланиб борадиган жараён. Тараққиёт жараёнига жамиятнинг барча қатламларини, хусусан, ёшлар ва аёлларни жалб этиш жуда муҳим. Улар улкан салоҳият, энергия, ғоялар ва билимга эга. Уларнинг тўлиқ иштироки барчага фойда келтиради. Агар жамият чинакам ривожланиш ва ҳурматга сазовор бўлишни истаса, у хотин-қизлар ва ёшлар салоҳиятини тўлиқ очиб бериши керак – уларнинг куч-ғайрати ва қобилияти фаровонлик гаровидир.
Ишонаманки, тараққиёт кўп жиҳатдан мақсадларнинг равшанлиги ва ҳамкорлик қилишга тайёрлик, очиқлик ва тинглаш қобилиятига боғлиқ.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари