Logo

Сабина Махл: Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлади ва очиқликни ривожлантирди

Октябрь 16, 2025. 17:33 • 2 дақ

42
Сабина Махл: Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлади ва очиқликни ривожлантирди

ФАРҒОНА, 16 октябрь /"Дунё" АА/. БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Махл "Дунё" АА учун интервьюсида 15-16 октябрь кунлари бўлиб ўтаётган "Фарғона водийси: тинчлик ва тараққиёт йўлида бирдамлик" мавзусидаги Фарғона тинчлик форумининг биринчи йиғилиши ҳақидаги фикрини билдирди:

– Биринчи Фарғона тинчлик форумида бўлишдан жуда мамнунман, айниқса ҳозир, ҳамкорлик ҳақида гап-сўзлар кўпайган вақтда. Илгари Фарғона водийси кўпинча можаролар билан боғлиқ бўлган бўлса, бугун биз бутунлай бошқача муҳитни кўраяпмиз. Яъни давлатлар қандай ҳамкорлик қилиши, бу ижобий суръатдан унумли фойдаланиши ва минтақани биргаликда ривожлантириши мумкинлиги ҳақида гапираяпмиз.

Ўзаро англашувга эришилди, давлатлар ўртасидаги чегараларни кесиб ўтиш сезиларли даражада осонлашди. Бу ҳамкорликда иш олиб бориш ва минтақа аҳолиси учун ўз мамлакатлари ривожига ҳисса қўшиш учун имкониятлар яратмоқда.

 Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда амалга ошираётган ислоҳотлари яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаб, очиқликни таъминлаганини кўриш илҳомлантирмоқда. Минтақадаги бошқа давлатлар ҳам бу жараёнда фаол иштирок этмоқда, менимча, бу ҳали бошланиши.

Ҳатто бу тараққиётни давом эттириш учун навбатдаги Фарғона тинчлик форумини қўшни давлатлардан бирида ўтказиш таклифи ҳам билдирилди. Бу жуда муҳим ташаббус.

Бу ерда нафақат Марказий Осиё давлатларидан, балки кўплаб халқаро ташкилотлар – Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, ШҲТ, шунингдек, Хитой, Россия ва АҚШ вакилларидан ҳам иштирокчилар тўплангани қувонарлидир.

Бу замонамиз муаммоларига жавоб ҳамкорлик, мулоқот ва ечимларни биргаликда излашда эканини англаб етаётганидан далолатдир. Бу гўзал шаҳар барчамиз бир жойга йиғилиш ва муҳим бўлган масалаларни муҳокама қилиш имкониятини тақдим этаётгани ажойиб.

Бу ҳақиқатан ҳам қизиқарли ва илҳомлантирувчи форум. Мен ушбу анжуманда иштирок этаётганимдан жуда мамнунман ва ташкилотчиларга таклиф учун миннатдорлик билдираман.

Ўзбекистоннинг нафақат ўз қўшнилари, балки бутун халқаро ҳамжамият билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсати жуда оқилона, ​​деб ҳисоблайман. Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаб, давлатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, мулоқот зарурлиги, глобаллашган дунёда ечимларни биргаликда излаш муҳимлигини таъкидлади. Давлатингиз раҳбари амалга ошираётган ислоҳотлари одамларнинг улардан чинакам баҳраманд бўлишлари — аҳолининг соғлом, билимли, ўз истеъдодини юзага чиқариш имконига эга бўлишини таъминлашга қаратилган.

Бу келажак учун тўғри йўл ва Марказий Осиё қўшнилар ўртасида тинчлик ва ҳамкорликка эришишнинг намунаси бўла олишини бутун дунёга кўрсатиш муҳим. Ушбу тажриба сув ресурслари, чегара ва бошқа муаммоларга дуч келаётган бошқа минтақаларни илҳомлантириши мумкин.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш