Туркиядан муносабат: Марказий Осиё глобал ўсишнинг янги марказига айланмоқда
Ноябрь 08, 2025. 10:51 • 2 дақ
• 61
АНҚАРА, 8 ноябрь. /"Дунё" АА/. "EkoAvrasya" Евроосиё иқтисодий алоқалар жамғармаси раҳбари Ҳикмет Эрен "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президентининг АҚШга ташрифи ва Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг "С5+1" форматдаги саммитидаги иштироки ҳақида фикр билдирди:

– Ҳикмет Эрен, "EkoAvrasya" Евроосиё иқтисодий алоқалар жамғармаси раҳбари (Туркия):
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифини кузатиб, Тошкент жаҳон сиёсатида ўз мавқеини нечоғли изчиллик ва ишонч билан мустаҳкамлаб бораётганига яна бир бор амин бўлдим. Ушбу ташриф ва "C5+1" форматидаги саммитда иштирок, Марказий Осиёнинг дунё билан тенгма-тенг гаплашаётганини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиё мамлакатлари рақобатлашмайдиган, балки бир-бирини кучайтирадиган ягона иқтисодий макон ғоясини илгари сурмоқда. Унинг очиқлик ва ишончга асосланган ёндашуви минтақавий сиёсатга янги нафас бағишлади. Бугун минтақада рақобат эмас, ҳамкорлик кайфияти сезилмоқда ва бу кўп жиҳатдан Ўзбекистоннинг хизматидир.
Дональд Трампнинг Ўзбекистон етакчисига нисбатан яқинда билдирган фикрлари алоҳида эътиборни тортди. У "Twitter"даги саҳифасида "Shavkat Mirziyoyev is a man of his word" ("Shavkat Mirziyoyev – бир сўзли инсон") деб ёзди. Бу сўзлар тезда жаҳон оммавий ахборот воситаларида тарқалди ва нафақат Ўзбекистон президенти шахсиятини эътироф этиш, балки у амалга ошираётган ислоҳотларга ишонч рамзига айланди. Анқарадаги кўпчилик учун бу Ўзбекистон Ғарб учун ишончли ҳамкорга айланиб бораётганининг тасдиғи бўлди.
Сиёсий нуқтаи назардан Вашингтонга ташриф "C5+1" формати тобора мазмунли бўлиб бораётганини кўрсатди. Учрашувларда хавфсизлик, инвестициялар, энергетик ўтиш ва технологик шериклик масалалари муҳокама қилинди. Менимча, Ўзбекистон позициясининг кучли томони – реализм ва аниқ натижаларга йўналтирилганидадир.
Бугунги кунда глобал жараёнларда Марказий Осиёнинг ўрни тобора ортиб бораётгани аниқ. Беқарорлик шароитида айнан шу минтақа бирдамлик ва прагматизм қобилиятини намоён этмоқда. Оқ уйнинг минтақага бўлган қизиқиши кучайиб бораётгани бежиз эмас: бу ерда янги мувозанат ва динамика шаклланмоқда, буни эътиборсиз қолдириб бўлмайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари