Ўзбекистон-Словакия: Ўзаро ҳурмат, ишонч ва барқарор ривожланишга интилишга асосланган шериклик
Октябрь 31, 2025. 12:52 • 4 дақ
• 140
ТОШКЕНТ, 31 октябрь. /"Дунё" АА/. Словакия Президенти Петер Пеллигрини 29 октябрь – 1 ноябрь кунлари амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди ва Самарқандда ўтаётган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида иштирок этмоқда, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу воқелик Ўзбекистон-Словакия муносабатларида янги босқич бошланишини рамзий маънони ва икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқотнинг мустаҳкамланишини англатади.
Словакия 1992 йил 24 январда Ўзбекистон мустақиллигини тан олган биринчи давлатлардан бири бўлди ва 1993 йил январь ойида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Ўшандан бери икки мамлакат ўртасида мустаҳкам алоқалар ривожланиб келмоқда, бу алоқалар сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати ва модернизацияси шароитида янада мустаҳкамланди. 1996 йилдан буён Тошкентда Словакия элчихонасининг очилиши ва 2008 йилда Братиславада Ўзбекистоннинг фахрий консули тайинланиши дипломатик муносабатларни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамларни белгилаб берди. Сўнгги йилларда сиёсий мулоқотнинг сезиларли даражада жонланиши кузатилди.
2024 йил март ва сентябрь ойларида Ўзбекистон ва Словакия ташқи ишлар вазирлари Туркияда бўлиб ўтган Анталия дипломатик форуми ва БМТ Бош Ассамблеяси доирасида учрашдилар, унда ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга ўзаро содиқликларини яна бир бор тасдиқладилар.
2025 йил январь ойида Тошкентда ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг бешинчи давраси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Словакия ҳамкорликни изчил равишда чуқурлаштиришга содиқ эканлиги яна бир бор тасдиқланди.
2025 йил июнь ойида Словакия Бош вазири Роберт Фицо расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Музокаралар якунида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация имзоланди, бу эса Тошкент ва Братислава ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди.
Парламентлараро ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда. 1990 йилларнинг охирларида Словакия Миллий Кенгаши Спикери Йозеф Мигаш расмий ташриф билан Тошкентга келган ва 2023 йил апрель ойида Борис Коллар бошчилигидаги Словакия парламенти делегацияси Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси раҳбарияти билан музокаралар ўтказди. 2025 йил март ойида Олий Мажлис Сенати ва Словакия Миллий Кенгаши ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик гуруҳининг таркиби тасдиқланди, бу эса парламентлараро мулоқотга барқарор ва амалий тус берди.
Ўтган ўн йилликларда иқтисодий ҳамкорлик нисбатан камтарона бўлган бўлса-да, ҳозирда томонлар ушбу йўналишдаги шерикликни жадаллаштиришга интилмоқда. Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш, инвестиция муҳитини либераллаштириш ва мамлакатнинг шериклар учун очиқлиги Словакия бизнеси учун қулай шароитлар яратмоқда. Хусусан, икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 2024 йилда 59,7 миллион долларни, 2025 йил январь-сентябрь ойларида эса 55,7 миллион долларни ташкил этди. Хизматлар ва рангли металлар Ўзбекистон экспортини, машинасозлик, ускуналар ва кимёвий маҳсулотлар эса Ўзбекистон импортининг асосий қисмини ташкил қилади. Ўзбекистонда Словакия капитали иштирокидаги олтита корхона фаолият юритади, улардан тўрттаси 100 фоиз хорижий инвестиция ҳисобида очилган.
2023 йил август ойида Ўзбекистон делегацияси Ўзбекистон-Словакия бизнес форумида иштирок этиш учун ушбу мамлакатга ташриф буюрди. 2025 йил май ойида Словакия томонидан иқтисодиёт вазири ўринбосари Владимир Шимонек раислигида Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу қадамлар саноат, энергетика, машинасозлик, фармацевтика ва меҳнат миграцияси соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалий амалга ошириш учун асос яратди.
Таълим ва инсон ресурслари соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратиляпти. 2014 йилдан бери Словакия ҳукумати ўзбекистонлик талабалар ва ёш тадқиқотчилар учун стипендиялар ажратмоқда.2025 йилда миграция ва меҳнат ресурслари бўйича Ўзбекистон-Словакия форуми бўлиб ўтди. Форум давомида Иш берувчилар федерацияси ва Словакия кадрлар агентликлари ассоциацияси билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Гуманитар алоқалар Ўзбекистон-Словакия мулоқотининг ажралмас қисми бўлиб қолмоқда. 1997 йилда маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим имзоланган бўлиб, у делегациялар алмашинуви, қўшма маданий лойиҳалар ва халқаро тадбирларда иштирок этиш имконини беряпти.
1998 йилдан буён Тошкентда Ўзбекистон-Словакия дўстлик жамияти фаолият юритмоқда ва у икки мамлакат халқларини бир-бирига яқинлаштиришда муҳим роль ўйнамоқда. Бунга ёрқин мисол сифатида 2018 йилда бўлиб ўтган "Чехословакия, Чехия ва Словакия киноси кунлари", шунингдек, таниқли словак пианиночиси Эдуард Йамбор иштирокидаги концертни келтириш мумкин.
Туризм соҳасида ҳамкорликнинг муҳим йўналишлардан бири. 2019 йилда жорий этилган Словакия фуқаролари учун визасиз режим туризмнинг ўсишига ҳисса қўшмоқда. 2019 йилда Ўзбекистонга минг нафардан кўпроқ словакиялик сайёҳ келган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 1700 дан ошди.
Словакия Президентининг Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Ўзбекистонга ташрифи икки томонлама муносабатларга ўзига хос рамзийлик бағишлайди. Маданият ва дипломатия, тарих ва келажак бирлашадиган Самарқанд шаҳри халқлар ўртасидаги дўстлик мустаҳкамланадиган ва ҳамкорлик учун янги ташаббуслар туғиладиган муҳим майдонган айланади.
Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати, модернизация ва дунёга очиқликка содиқлиги ўзбек-словак муносабатларини янги босқичга – ўзаро ҳурмат, ишонч ва барқарор ривожланишга умумий садоқатга асосланган стратегик шерикликка кўтариш учун қулай шароитлар яратмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари