Ўзбекистон ва Жанубий Корея янги стратегик босқичга қадам қўймоқда

Сентябрь 14, 2026. 08:10 • 7 дақ

166
Ўзбекистон ва Жанубий Корея янги стратегик босқичга қадам қўймоқда

ТОШКЕНТ, 14 сентябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йил 13­–16 сентябрь кунлари Ўзбекистон Президенти давлат ташрифи билан Жанубий Кореяга бўлади ҳамда “Марказий Осиё – Корея Республикаси” биринчи саммитида иштирок этади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Сеул шаҳрида мутахассислар ҳозирданоқ тарихий деб атаётган воқеа – “Марказий Осиё–Корея Республикаси” биринчи саммити бўлиб ўтади. Марказий Осиёнинг бешта давлати ва Жанубий Корея етакчилари бир даврада тўпланиб, келгуси йиллар учун ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олади.

Ушбу саммит Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур йирик тадбир ўзаро муносабатларнинг ўттиз йилдан зиёд изчил давом этиб келаётган ривожланишнинг юқори чўққиси ҳамда айни вақтда янги ва янада улкан босқичнинг бошланғич нуқтаси бўлади.

Икки халқ алоқалари тарихи асрлар қаърига бориб тақалади. Кенг тарқалган илмий талқинга кўра, Самарқанддаги Афросиёб саройининг машҳур деворий суратларида қадимги Когурё давлати элчилари тасвирланган.

Буюк Ипак йўли халқларни нафақат савдо-сотиқ, балки ғоялар, билимлар ва технологиялар алмашинуви орқали ҳам боғлаган. Бугун Ўзбекистон ва Жанубий Корея ушбу ҳамкорликни рақамли ва технологик шаклда қайта тиклаб, тарихий хотирани замонавий тараққиёт асосида ривожлантирмоқда.

Жанубий Корея Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 30 декабрь куни тан олган, 1992 йил 29 январда эса мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Ўшандан буён олий даражада 20 та саммит бўлиб ўтди – бу сиёсий мулоқотнинг изчиллиги ва шиддатидан далолат берувчи муҳим кўрсаткичдир.

2006 йилда Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларациянинг имзоланиши муҳим босқич бўлди, 2019 йилда муносабатлар алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Сўнгги йиллардаги сиёсий алоқалар динамикаси кишини ҳайратга солади. 4 та саммит ва БМТ Бош Ассамблеяси сессиялари доирасида олий даражадаги 2 та учрашув бўлиб ўтди. Шу билан бирга, давлат раҳбарлари телефон орқали мулоқотлар қилиб, сиёсий муносабатларни янада мустаҳкамлади.

Икки мамлакатнинг халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирининг номзодлари ва ташаббусларини ўзаро қўллаб-қувватлаши алоҳида эътиборга лойиқ. Сеул Ўзбекистон томонидан таклиф этилган Бош Ассамблея резолюцияларига бир неча бор ҳаммуаллифлик қилган.

ЮНЕСКО доирасида Жанубий Корея Ўзбекистон томонидан таклиф этилган ва 2026 йил 23 апрель куни ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 224-сессиясида қабул қилинган 19 ноябрни “Халқаро ҳужжатли мерос куни” деб эълон қилиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини қўллаб-қувватлади ҳамда унинг ҳаммуаллифи бўлди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ўзаро муносабатларнинг жадал ривожланаётган йўналишларидан биридир. Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми беш баробарга ошиб, 2025 йилда 2 миллиард доллар кўрсаткичига яқинлашди. 2026 йилнинг биринчи ярмида товар айирбошлаш ҳажми 940 миллион доллардан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 12 фоизга ўсди.

Жанубий Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган тўғридан-тўғри сармояларининг умумий ҳажми 8 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистонда Жанубий Корея капитали иштирокида 700 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, умумий қиймати 8,8 миллиард долларлик 60 та сармоявий лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярмида жалб қилинган сармоялар ҳажми 290 миллион доллардан зиёд бўлди.

Корея экспорт-импорт банки (KEXIM) ва унинг Иқтисодий ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) билан биргаликда умумий қиймати 2,6 миллиард долларлик 17 та лойиҳа амалга оширилди. 2024 йил июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон–Жанубий Корея саммити якунларига кўра, EDCF билан 2024–2027 йилларга мўлжалланган 2 миллиард долларлик ҳамкорлик дастури имзоланди.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) орқали 1995–2024 йилларда қиймати 124 миллион долларлик 36 та лойиҳа амалга оширилди. Ҳозирда соғлиқни сақлаш, таълим ва касб-ҳунар, давлат бошқаруви, иқлим соҳаларида қиймати 200 миллион доллардан ортиқ бўлган 19 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ҳамкорликда рақамли кун тартиби алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги шериклик телекоммуникация, электрон ҳукумат инфратузилмаси, сунъий интеллект, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини қамраб олган.

Ўзбекистонда Ўзбекистон–Корея ўқув-амалий тўқимачилик технопарки, Нодир металлар ва қотишмалар илмий-технологик маркази, Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги конструкторлик-технологик маркази, Электрон ҳукумат соҳасидаги Ўзбекистон–Корея ҳамкорлик маркази ташкил этилган. Шунингдек, қурилиш ва кимё технологиялари соҳаларида ҳамкорлик марказлари барпо этилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Жанубий кореялик ҳамкорлар кўмагида 2022 йилда Миллий электрон тижорат платформаси ишга туширилди. 2024 йил март ойида Сеулда биринчи Ўзбекистон–Жанубий Корея савдо уйи очилди. “IT Park Uzbekistan”да Корея капитали иштирокидаги компаниялар сонини жадал ўстириш ва Жанубий Корея бозорига рақамли хизматлар экспорти ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Глобал таъминот занжирларининг трансформацияси шароитида муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида долзарблик касб этмоқда. Жанубий Кореянинг миллий саноат тармоқларини қўллаб-қувватлаш учун таъминот манбаларини диверсификация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари Ўзбекистоннинг стратегик хомашё ва материаллар етказиб бериш имкониятини таъминлаш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш манфаатларига тўла мос келади.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонлик талабалар Жанубий Кореядаги хорижлик талабаларнинг сони бўйича энг йирик гуруҳлар учлигидан жой олган – 20 мингдан ортиқ ёш юртдошларимиз ушбу мамлакат олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда.

Ўзбекистонда тўртта университет – Тошкентдаги Инҳа, Пучон, Аджу ҳамда Фарғонадаги Корея халқаро университетининг филиаллари фаолият юритмоқда. Ўзбекистон олий ўқув юртлари Жанубий Кореянинг 45 дан ортиқ университети ва илмий-таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Тошкент ва Сеул шаҳарларида икки мамлакат етакчи олий ўқув юртлари ректорларининг форумлари бўлиб ўтди.

Корейс тили 9 та олий ўқув юртида ва 24 та мактабда ўқитилмоқда. Ўзбек тили ва адабиёти эса Жанубий Кореянинг Ханкук ва Хонам университетларида ўргатилмоқда.

Ўзбекистоннинг 400 дан ортиқ тиббиёт ходими Жанубий Кореянинг етакчи клиника ва марказларида малака оширди ва стажировка ўтади. 2019 йилда Соғлиқни сақлаш соҳасида Ўзбекистон–Жанубий Корея ҳамкорлик маркази ташкил этилди. 2020 йилда EDCF жамғармаси кўмагида Тошкент шаҳрида Кўп тармоқли болалар маркази қурилди.

2014 йилда Тошкентда барпо этилган Сеул боғи ва 2019 йилда очилган Корейс маданияти ва санъати уйи икки мамлакат халқлари ўртасидаги мустаҳкам дўстликнинг ёрқин рамзларига айланди. 2018 йилда Тошкент кўчаларидан бири Сеул кўчаси – “Seoul Mооn” деб қайта номланди ва у шаҳарликларнинг севимли дам олиш масканига айланди.

2021 йил 16 декабрь куни Сеулда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали очилди. 2025 йил июнь ойида эса Жанубий Корея пойтахтида таниқли ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романининг корейс тилидаги тақдимоти бўлиб ўтди.

Жанубий Кореядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими барқарор ўсишда давом этмоқда. Бу кўрсаткич 2018 йилдаги 27 минг нафардан ортиқ бўлган бўлса, 2025 йилга келиб қарийб 45 минг нафар кишига етди. 2026 йилнинг 7 ойи давомида Ўзбекистонга ушбу мамлакатнинг 27 мингга яқин фуқароси ташриф буюрди.

90 йилдан буён Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқининг ажралмас қисми бўлиб келаётган корейс диаспораси икки давлат муносабатларида алоҳида ўрин тутади. Тақдир тақозоси билан ўзбек заминидан паноҳ топган корейслар ўз меҳнати билан қишлоқ хўжалиги, илм-фан, таълим, тиббиёт, саноат, маданият ва тадбиркорлик ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Диаспора ота-боболарининг тарихий ватани билан алоқаларни сақлаган ҳолда, икки давлат ўртасида дўстлик кўприги вазифасини бажариб келмоқда.

Жанубий Кореяга давлат ташрифи Ўзбекистон Президентининг Сеулга қарийб беш йил ичидаги илк ҳамда 2025 йилда ушбу давлатда янги Президент сайланганидан кейинги биринчи сафари бўлади. “Марказий Осиё–Корея Республикаси” биринчи саммити Марказий Осиё давлатлари пойтахтлари ва Сеул ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда муҳим катализатор бўлиб хизмат қилади.

Сеулдаги ишбилармонлар саммитида инфратузилма, қайта тикланувчи энергия, рақамли технологиялар, соғлиқни сақлаш ва таъминот занжирлари соҳаларидаги амалий лойиҳалар муҳокама этилади.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея янги стратегик маррага яқинлашди. Олдинда ўтган йиллар давомида яратилган ўзаро ишонч ва дўстликнинг мустаҳкам пойдевори ҳамда икки мамлакатнинг мавжуд бой салоҳиятига таяниб, ҳамкорлик уфқларини кенгайтиришдек улкан мақсад ва вазифалар турибди.

Энг асосийси, бу шериклик замирида иқтисодий манфаатлардан-да чуқурроқ маъно мужассам. Ўзбек ва корейс халқлари қадр-қиммат, оила, катталарга ҳурмат, сабр-тоқат ва меҳнат, фарзандларга муносиб келажак яратишга интилиш каби анъаналарга алоҳида эътибор қаратади. Бу муштарак қадриятлар замирида халқларни бирлаштирувчи фалсафа ётади: келажак ўз-ўзидан келишини кутиш ярамайди, уни ўз қўлларимиз билан бунёд этишимиз лозим.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш