Клод Леблан: Ўзбекистоннинг Иордания билан ҳамкорлиги Яқин Шарқда янги имкониятлар яратади

Ноябрь 26, 2026. 17:30 • 2 дақ

• 63
Клод Леблан: Ўзбекистоннинг Иордания билан ҳамкорлиги Яқин Шарқда янги имкониятлар яратади

ПАРИЖ, 26 ноябрь. /“Дунё” АА/. Франциялик таниқли журналист, “L’Opinion” нашри шарҳловчиси, геосиёсат ва халқаро муносабатлар бўйича эксперт Клод Леблан “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 23–24 ноябрь кунлари Иорданияга амалга оширган давлат ташрифи юзасидан ўз муносабатини билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга ташрифи мамлакат ташқи сиёсатидаги муҳим йўналишлардан бири – халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва жаҳон сиёсий майдонидаги ўрнини мустаҳкамлаш стратегиясининг мантиқий давоми ҳисобланади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатида очиқлик, прагматизм ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойиллари устувор аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Иордания билан муносабатларни ривожлантириш нафақат иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, балки Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ минтақасидаги дипломатик мавқеини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Яқин Шарқ жаҳон геосиёсатида муҳим ўрин тутадиган, бироқ турли сиёсий қарама-қаршиликлар ва кескинликлар мавжуд бўлган минтақадир. Ўзбекистоннинг ушбу ҳудуддаги давлатлар билан конструктив муносабатларни ривожлантиришга интилиши ташқи сиёсатда мувозанатли ва прагматик ёндашувни намоён этади.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистоннинг АҚШ Президенти Дональд Трамп ташаббуси билан ташкил этилган Тинчлик кенгаши фаолиятида иштирок этиши ҳам мамлакатнинг халқаро жараёнлардаги ўрнини кенгайтиришга интилаётганидан далолат беради.

Ўзбекистон етакчисининг Иорданияга ташрифининг яна бир муҳим жиҳати Марказий Осиёнинг Шарқий Осиё ва Яқин Шарқни боғловчи муҳим транспорт-логистика маркази сифатидаги аҳамиятини оширишдир.

Бугунги кунда халқаро савдо йўлларининг ўзгариши ва геосиёсий беқарорлик транспорт йўлакларини диверсификация қилиш заруратини кучайтирмоқда. Хусусан, Ҳурмуз бўғози билан боғлиқ вазият анъанавий денгиз йўлларининг ташқи омилларга қанчалик боғлиқ эканини яна бир бор кўрсатди. Бу муқобил транспорт йўналишларини ривожлантириш ва минтақалараро логистика алоқаларини мустаҳкамлаш масаласини долзарблаштирмоқда.

Шу маънода, Ўзбекистон илгари сураётган транспорт ва логистика боғлиқлигини ривожлантириш сиёсати Яқин Шарқ давлатлари учун ҳам муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Зеро, янги транспорт йўлакларини шакллантириш савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, юк ташиш имкониятларини ошириш ва халқаро савдо йўлларидаги мавжуд хавфларни камайтиришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш