Австриядан муносабат: Ўзбекистон Президенти БМТдаги нутқида кенг қамровли ва муҳим стратегияни белгилаб берди
Октябрь 07, 2025. 19:01 • 2 дақ
• 114
ВЕНА, 7 октябрь. /"Дунё" АА/. Европа тадқиқотлари ва хавфсизлик сиёсати институти вице-президенти, ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг собиқ раиси Кристин Муттонен (Австрия) "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқи ҳақидаги фикрларини билдирди.

– Ўзбекистон Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясидаги нутқида таълим, хусусан, мактабгача таълимга урғу берди — бу Ўзбекистоннинг келажаги учун жуда муҳим ва асосий пойдевордир. Болаларга сармоя киритган ҳолда, Ўзбекистон уларнинг тез ўзгариб бораётган дунёда муваффақиятга эришиши учун зарур бўлган кўникма ва билимларга эга бўлишини таъминламоқда.
Президентнинг ўқитувчилар ва уларнинг таълимига оид масалаларга эътибор қаратиши ҳам ғоятда муҳимдир. Ўқитувчилик касбини мустаҳкамлаш ва билим алмашиш имкониятларини яратиш нафақат таълим сифатини яхшилайди, балки кейинги авлод раҳбарларини илҳомлантиради. Шу муносабат билан, Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклифи жуда ўринли, деб ўйлайман.
Ўзбекистон етакчисининг гендер тенгликка бўлган садоқати айниқса эътиборга лойиқ. Ўзбекистон ривожланаётган бир пайтда, аёлларнинг фаоллигини оширишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Гендер тенглиги ва тўғри гендер сиёсати фақат маънавий мажбурият эмас, балки барқарор ривожланиш ва тинчлик учун зарурий шартдир.
Шунингдек, Марказий Осиёни ҳамкорлик ва тинчлик минтақасига айлантириш ҳақидаги Ўзбекистон Президентнинг қарашини ҳам эътироф этмоқчиман. Чегаралараро савдо, ҳамкорлик ва қўшма инфратузилма лойиҳалари иқтисодий ўсиш ҳамда қўшни мамлакатлар ўртасида ўзаро ҳурмат учун пойдевор яратади.
Иқлим ўзгариши масаласи ҳам нутқда таъкидланган долзарб масалалардан биридир. Иқлим ўзгаришига қарши курашиш, сув танқислигини бартараф этиш ва Орол денгизи экотизимини тиклаш нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон барқарорлиги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Президенти БМТдаги нутқида кенг қамровли ва муҳим стратегияни белгилаб берди. Ушбу ташаббусларнинг барчаси бир-бирига ўзаро боғлиқ бўлиб, Ўзбекистон ва кенг Марказий Осиё минтақаси учун фаровон ва тинч келажак қуришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари