Испаниядан муносабат: Ўзбекистон раҳбари изчил ва тизимли равишда минтақавий мулоқот учун янги архитектурани бунёд этмоқда
Август 06, 2025. 07:14 • 2 дақ
• 49
МАДРИД, 6 август /"Дунё" АА/. Сан Пабло университети профессори, Марказий Осиё минтақаси бўйича мутахассис Антонио Алонсо (Испания) "Дунё" АА учун интервьюсида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистоннинг "Аваза" миллий туристик ҳудудида бўлиб ўтган БМТнинг Денгизга чиқиш йўли бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясидаги иштироки ҳақидаги фикрларини баён қилди:
– Касбий фаолиятимнинг салмоқли қисмини Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва давлатчилик жараёнларини ўрганишга бағишлаган инсон сифатида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фаолияти мени чиндан ҳам ҳайратга қолдиради.
Биринчидан, унинг минтақа мамлакатлари ўртасидаги яхши қўшничилик ва стратегик алоқаларни мустаҳкамлашдаги беқиёс ролини таъкидламаслик мумкин эмас.
Мен унинг минтақавий мулоқот учун янги архитектурани изчил ва тизимли равишда қураётганини катта қизиқиш билан кузатяпман. Давлатингиз раҳбарининг Туркманистонга ташрифи, халқ етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан бўлган мазмунли учрашувлари ўзбек дипломатиясининг етуклиги ва сиёсий донолигини яққол намоён этди. Бу шунчаки протокол тадбирлари эмас – бу ишончни мустаҳкамлаш ва ҳамкорлик учун ягона маконни шакллантиришга қаратилган аниқ қадамлардир.
Иккинчидан, Президент Шавкат Мирзиёев амалий ташаббусларга асосланган сиёсий етакчилик намунасини кўрсатмоқда.
"Шовот-Тошҳовуз" чегара савдо зонасининг яратилиши, товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши, янги ҳукуматлараро платформаларнинг ишга туширилиши – буларнинг барчаси унинг интеграциянинг иқтисодий томонларини чуқур англаганидан далолат беради. Иқтисодчи сифатида мен ушбу ташаббуслар барқарорлик, ўзаро манфаат ва ривожланишга қаратилган ҳолда амалга оширилаётганининг аниқлигини алоҳида қадрлайман.
Учинчидан, тадқиқотчи сифатида мен Ўзбекистон етакчисининг минтақавий ўзига хосликка эга бўлган узоқни кўрган ёндашувидан илҳомланаман. Тошкентда бўлиб ўтадиган еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш, иқлим ва сув масалалари бўйича кун тартибини ишлаб чиқиш, "яшил" энергияга урғу бериш нафақат долзарб мавзулар, балки минтақа келажаги учун стратегик қадамдир. Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё манфаатлар мутаносиблиги, ҳамжиҳатлик ва суверенитетга ҳурматга асосланган халқаро шерикликнинг янги формати учун намуна бўла олишини яққол кўрсатиб бермоқда.
Ва ниҳоят, Президент Шавкат Мирзиёевга Туркманистоннинг олий орденининг топширилиши билан ифодаланган халқаро эътирофнинг юксак даражасини таъкидлаб ўтмоқчиман.
Бу нафақат шахсан унга бўлган ҳурмат белгиси, балки Ўзбекистоннинг мутаносиб, илғор, бунёдкорлик сиёсатини олиб бораётган давлат сифатидаги нуфузининг тасдиғидир.
Ишончим комилки, Ўзбекистон ўз раҳбари раҳнамолигида Марказий Осиёнинг тинч, барқарор ва ўзаро боғланган келажагини шакллантиришда муҳим роль ўйнашда давом этади. Олим ва фуқаро сифатида буни замонавий раҳбарликнинг энг катта ютуғи деб биламан.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари