Испаниядан муносабат: "C5+1" саммити Марказий Осиё давлатларини умумий мақсад сари бирлаштирди
Ноябрь 08, 2025. 09:09 • 2 дақ
• 41
МАДРИД, 8 ноябрь. /"Дунё" АА/. Испаниянинг нуфузли Сан Пабло университети профессори, Марказий Осиё минтақаси бўйича мутахассис Антонио Алонсо "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президентининг Вашингтонга амалий ташрифи ва Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг "С5+1" форматдаги саммитидаги иштироки ҳақида фикр билдирди:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи нафақат Ўзбекистон–АҚШ муносабатлари, балки Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик тизимини ривожлантиришда муҳим воқеа бўлди. Унда Тошкентнинг ўзаро англашув, очиқликни мустаҳкамлаш, глобал ва минтақавий муаммоларга биргаликда ечим топишга қаратилган фаол ва изчил ташқи сиёсати акс этган.
Ўзбекистон ва АҚШ ташаббуси билан ташкил этилган "C5+1" формати минтақа мамлакатларини умумий мақсадлар – барқарор ривожланиш, иқтисодий ўсиш, хавфсизлик ва экологияни мустаҳкамлаш йўлида бирлаштирувчи самарали мулоқот воситасига айланди. Йилдан йилга ушбу формат тобора кўпроқ институционал етукликни намойиш этмоқда.
Ўзбекистоннинг "C5+1" доирасидаги фаол роли алоҳида эътирофга лойиқ. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу формат тизимли тус олди: виртуал котибият ташкил этилди, савдо, инвестициялар, инновациялар ва таълимни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Тошкент томонидан нафақат ғоялар, балки уларни амалга оширишнинг аниқ амалий механизмлари ҳам таклиф этилмоқда. Бу масъулият, прагматизм ва узоқ муддатли натижаларга асосланган янги дипломатик маданиятдан далолат беради.
Ўзбекистон етакчисининг АҚШга амалий ташрифи икки давлат ўртасида стратегик шериклик изчил ривожланиб бораётганининг мантиқий давомидир. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги мазмун касб этиб, сиёсат ва хавфсизликдан тортиб иқтисодиёт, фан, таълим ва маданиятгача бўлган барча муҳим соҳаларни қамраб олди. АҚШ Ўзбекистоннинг ислоҳотлар, демократлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги муваффақиятларини эътироф этади. Вашингтон Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлагани мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ишонч ва эътирофнинг ёрқин намунасидир.
Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Америка компанияларининг инвестиция форумларидаги фаол иштироки, "B5+1" бизнес-платформасининг кенгайиши, қўшма лойиҳалар сонининг ортиши – буларнинг барчаси Ўзбекистон Америка бизнеси учун ишончли ва жозибадор ҳамкорга айланиб бораётганини тасдиқлайди. Глобал беқарорлик шароитида Ўзбекистон ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун реал имкониятларни таклиф этиб, вазмин ва олдиндан айтиш мумкин бўлган ёндашувни намойиш этмоқда.
"C5+1" саммити ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи конструктив шерикликнинг янги босқичи рамзидир. Уларнинг натижалари мулоқотнинг сиёсий каналларини мустаҳкамлашга, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтиришга, гуманитар алоқаларни чуқурлаштиришга хизмат қилади. Буларнинг барчаси дунёга очиқлик, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва умумий манфаатларни илгари суришга қаратилган "Янги Ўзбекистон" стратегик йўналишига тўлиқ мос келади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари