Logo

Малайзиядан муносабат: Ўзбекистон Президентининг ШҲТ доирасидаги нутқи Малайзия ва бутун АСЕАН манфаатларига мос келадиган прагматик кун тартибини белгилаб беради

Сентябрь 04, 2025. 14:21 • 2 дақ

55
Малайзиядан муносабат: Ўзбекистон Президентининг ШҲТ доирасидаги нутқи Малайзия ва бутун АСЕАН манфаатларига мос келадиган прагматик кун тартибини белгилаб беради

КУАЛА-ЛУМПУР, 4 сентябрь. /"Дунё" АА/. Малайзиянинг "KSI Strategic Institute for Asia Pacific" таҳлил маркази ижрочи директори Макс Сэй "Дунё" АА учун интервьюсида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 30 август – 3 сентябрь кунлари Хитойга буюрган расмий ташрифи якунлари ҳақидаги фикрларини баён қилди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган "ШҲТ плюс" форматидаги учрашувидаги нутқи Малайзия ва бутун АСЕАН манфаатларига мос келадиган прагматик кун тартибини белгилаб беради. ШҲТни "Глобал Жануб" билан ўзаро ҳамкорлик учун очиқ платформага айлантириш ғояси, шунингдек, ШҲТ Ягона транспорт маконини шакллантириш ҳамда Шарқ-Ғарб ва Шимол-Жануб йўлакларини улашгача бўлган ишлаб чиқариш ва логистика занжирларини кенгайтириш бўйича таклифлар бевосита Евроосиё билан алоқаларни диверсификация қилиш ва транзит хатарларини камайтириш стратегиямизга хизмат қилади. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тяньцзиндаги саммити контекстида ушбу ташаббуслар Жануби-Шарқий Осиёдаги минтақавий лойиҳалар билан бирлашиш учун ўз вақтида ва реал кўринмоқда.

АСЕАНга раислик қилаётган Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим "ШҲТ Плюс" платформасида ташкилотнинг иқтисодий алоқалар, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ва энергетика соҳаларига ўтишга қаратилгани Малайзия ёндашуви ва АСЕАНнинг устувор йўналишларига тўғри келишини ҳақли равишда таъкидлади. Бу Жануби-Шарқий Осиёнинг ШҲТ билан савдо-сотиқни осонлаштириш ва "яшил" инфратузилмадан тортиб етказиб бериш занжирлари барқарорлиги ва соғлиқни сақлаш бўйича қўшма чора-тадбирларгача бўлган амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигининг муҳим сигналидир. Куала-Лумпур учун бундай "кун тартибини бирлаштириш" имкониятлар эшигини очади: денгиз ва қуруқлик йўлакларини ривожлантиришдан тортиб саноат кооперацияси ва рақамли логистика учун қўшма стандартларгача.

Ва ниҳоят, Ўзбекистон ва Малайзия раҳбариятининг Фаластин муаммоси бўйича позициялари яқинлиги ҳам эътиборга молик. Ҳар икки томон ҳам зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, инсонпарварлик ёрдами ва БМТ резолюциялари асосида икки давлат келишувини амалга ошириш тарафдори. Бу расмий Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги ишонч ва сиёсий синергияни мустаҳкамлайди ҳамда раҳбарият даражасида стратегик қарашларнинг ўхшашлиги билан тўлдирилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг "яшил" саноатлаштириш ва ШҲТ доирасида барқарор ҳамкорлик бўйича таклифлари ҳам Бош вазир Анвар Иброҳим томонидан илгари сурилган Осиёнинг "суверен ўзаро боғлиқлиги" концепцияси билан уйғундир. Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё ўртасидаги бундай "кўприк" логистика, энергетика ва юқори технологиялар соҳасидаги янги лойиҳалар учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш