Logo

Нидерландиядан муносабат: Ўзбекистон Президенти томонидан БМТда илгари сурилган ташаббуслар адолатли, барқарор ва тинч келажакка интилишни акс эттиради

Сентябрь 25, 2025. 14:45 • 2 дақ

135
Нидерландиядан муносабат: Ўзбекистон Президенти томонидан БМТда илгари сурилган ташаббуслар адолатли, барқарор ва тинч келажакка интилишни акс эттиради

АМСТЕРДАМ, 25 сентябрь. /"Дунё" АА/. Нидерландиялик журналист Бурҳон Чарлак "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти ҳақидаги фикрларини билдирди:

–Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида эълон қилинган ташаббуслар республиканинг нафақат халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиши, балки мамлакатнинг жаҳон тараққиёти учун муҳим бўлган янги ғояларни илгари суриш истагини ҳам намоён этади.

Турли мамлакатлар ўқитувчилари ўртасида тажриба ва билим алмашиш учун ўзига хос платформага айланиши мумкин бўлган касб-ҳунар таълими бўйича Бутунжаҳон саммитини ўтказиш ташаббуси алоҳида эътиборга молик. Глобаллашув ва рақамли трансформация шароитида таълим ҳақиқатан ҳам барқарор ривожланишнинг калитига айланмоқда.

Шунингдек, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик, Афғонистон орқали транспорт ва энергетика алоқаларини йўлга қўйиш борасидаги позиция муҳим ва долзарбдир. Бу қадамлар нафақат янги бизнес имкониятларини яратади, балки дунёнинг энг нозик минтақаларидан бирида узоқ муддатли тинчлик асосларини мустаҳкамлайди.

Ўзбекистоннинг терроризмга қарши курашда ҳамкорликни кенгайтириш ташаббуси ҳам бирдек аҳамиятлидир. Тошкентда БМТнинг терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий ваколатхонасининг очилиши радикаллашув ва экстремизмга қарши курашишнинг янада самарали механизмларини ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Ўзбекистон Президенти нутқидан иқлим миграцияси, барқарор транспорт, тинчлик ўрнатиш жараёнларига ёшларни жалб қилиш бўйича глобал таклифлар ҳам ўрин олди. "Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати"ни таъсис этиш ғояси жуда асослидир. Чунки ёш авлод халқаро муносабатлар келажагини шакллантириш ва халқлар ўртасидаги ишончни сақлашда муҳим роль ўйнайди.

Умуман олганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи Ўзбекистоннинг стратегик қарашлари ва жаҳон ҳамжамиятининг ишончли шериги бўлишга тайёр эканлигини кўрсатади.

Бундан ташқари, ушбу ташаббуслар адолатли, барқарор ва тинч келажакка интилишни акс эттиради. Ишончим комилки, Ўзбекисон Президенти ташаббуслар БМТга аъзо давлатлар томонидан кенг қўллаб-қувватланади.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш