Logo

Сеулдан муносабат: Ўзбекистон Марказий Осиёдаги интеграция жараёнларининг муҳим марказларидан бирига айланди

Август 06, 2025. 11:37 • 3 дақ

138
Сеулдан муносабат: Ўзбекистон Марказий Осиёдаги интеграция жараёнларининг муҳим марказларидан бирига айланди

СЕУЛ, 6 август. /"Дунё" АА/. Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, Сунмун университети профессори Чве Ён Ха "Дунё" АА учун интервьюсида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистоннинг "Аваза" миллий сайёҳлик ҳудудида бўлиб ўтган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясидаги иштироки ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси ҳамда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларига бағишланган махсус тадбирдаги иштироки расмий Тошкентнинг ташқи сиёсатдаги фаол, ташаббускор йўналишларини яна бир бор намоён этди.

Ташриф доирасида илгари сурилган ташаббусларнинг барчаси қатор муҳим соҳалар, хусусан, транспорт, энергетика, сув ресурслари ва иқлим ўзгариши каби йўналишлардаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган бўлиб, бу бутун минтақавий тараққиёт учун стратегик аҳамиятга эга.

Бугун Ўзбекистон Марказий Осиёдаги интеграция жараёнларининг муҳим марказларидан бирига айланди. Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида минтақа янги транспорт йўналишларини шакллантиришда фаол ва ташаббускор роль ўйнашга тайёр эканини таъкидлади.

Алоҳида эътиборга молик томони шундаки, Ўзбекистон етакчиси фақат иқтисодий масалаларни эмас, балки глобал ишлаб чиқариш занжирларига минтақа мамлакатларининг чуқур интеграциясини таъминлаш, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жадал ривожлантириш, трансчегаравий инвестицияларни кенгайтириш ва стартапларни қўллаб-қувватлаш каби масалаларини ҳам узоқ муддатли стратегик йўналиш сифатида кўрсатиб ўтди.

Ўзбекистон раҳбари умумий баёнотлардан амалий, аниқ ва ўлчанадиган мезонларга ўтишни таклиф қилмоқда. Бу эса халқаро ташкилотларнинг бундай мамлакатларга ёрдам кўрсатишдаги ёндашувини жиддий равишда қайта кўриб чиқишига туртки бўлиши шубҳасиз.

Транспорт соҳасини рақамлаштириш ва логистикада хусусий-давлат шериклигини ривожлантириш масалалари Ўзбекистон Президенти нутқининг энг муҳим жиҳатларидан бири бўлди, дейишим мумкин. Бу Ўзбекистон муаммоларни фақат қайд этиш билан чекланиб қолмасдан, уларни замонавий ва аниқ ечимлар орқали ҳал этишга интилаётганини яққол кўрсатади.

Шу билан бирга, тадбирлар доирасида Президент Шавкат Мирзиёевга Туркманистоннинг "Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун" орденининг топширилгани Ўзбекистон етакчисининг минтақадаги етакчилик ролини эътироф этилгани ҳамда мамлакатнинг яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик тамойилларига асосланган сиёсатини юқори баҳолангани, десам асло муболаға бўлмайди.

Бунга Президент Шавкат Мирзиёевнинг нафақат икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, балки бутун Марказий Осиёнинг янгича, ягона ва ҳамжиҳат минтақавий ҳамкорлик моделини шакллантиришдаги ҳиссасини тан олиниши сифатида ҳам қараш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон фақат минтақавий жараёнларда иштирок этиш билан чекланиб қолмаяпти, балки уларни тизимли равишда институционаллаштиришга интилмоқда. Ёшлар ва ОАВ форумлари, хавфсизлик, саноат, энергетика, сув ва экология соҳалари бўйича вазирлар учрашувлари каби қатор механизмларнинг жорий этилиши ушбу ҳамкорликни доимий ва амалий йўналишга айлантирмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Туркманистонда бўлиб ўтган тадбирлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг минтақада шахсий нуфузи ва етакчилиги янада мустаҳкамланаётганини яна бир карра намоён қилди. Шунингдек, Марказий Осиё ўзининг хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва халқаро ҳамкорлик борасидаги қарашларини мустақил равишда шакллантираётган янги геосиёсий марказ сифатида юзага чиқаётганини ҳам кўрсатди, дейиш мумкин.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш