Венгриядан муносабат: Янги шаклланаётган "Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон" уч томонлама форматида Ўзбекистоннинг роли жуда муҳим
Август 23, 2025. 15:49 • 2 дақ
• 78
БУДАПЕШТ, 24 август. /"Дунё" АА/. Венгриянинг етакчи "Дунай институти" маркази тадқиқотчиси Иброҳим Мамедов "Дунё" АА учун интервьюсида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 22 август куни Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган "Озарбайжон – Туркманистон – Ўзбекистон" форматидаги уч томонлама саммитдаги иштироки ҳақидаги фикрларини билдирди.

– Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида янги уч томонлама форматнинг шаклланиши Ипак йўли бўйлаб минтақавий энергетика, логистика ва транспорт лойиҳалари учун стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги марказий жуғрофий жойлашуви, ўсиб бораётган истеъмол бозори ва "яшил" энергия экспорти салоҳияти бу ҳамкорликнинг муҳим артериясига айланди.
Яхши маълумки, Ўзбекистон минтақадаги барча давлатлар ва Афғонистон билан чегарадош. Бу ноёб позиция Ўзбекистонни минтақавий транспорт ташаббуслари учун табиий марказга айлантиради.
Саммит Каспий денгизидаги энг йирик портлардан бири жойлашган Туркманбошида ўтказилгани бежиз эмас. Туркманбоши порти ва Боку порти ўртасидаги транспорт-логистика алоқаларидан фаол фойдаланиш муҳокаманинг марказий мавзуларидан бири бўлди. Бу ерда Ўзбекистон "Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон" темир йўли лойиҳаси орқали Евроосиё алоқаларини кенгайтиришда муҳим роль ўйнайди, бу эса Ўрта йўлакнинг бир қисми сифатида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Озарбайжон йўналишини келажакда фаоллаштиришга йўл очади.
Уч томонлама форматни мустаҳкамловчи яна бир омил – "Шимол-Жануб" халқаро транспорт коридори билан стратегик кесишишдир. Шу нуқтаи назардан, Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги уч томонлама формат Ипак йўли мамлакатлари учун қулай ва ўзаро манфаатли шарт-шароитлар яратиш учун платформа бўлиб хизмат қилади.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ушбу уч томонлама форматнинг яна бир муҳим йўналишидир. Муҳокамалар табиий газ экспортини ҳам, қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини ҳам қамраб олди. Венгрия 2023 йил августида Туркманистондан табиий газ импорти бўйича шартнома имзолаган Европадаги биринчи давлатга айланди. Ҳамкорликнинг янги уч томонлама формати ҳам Европа ва Хитой бозорларига табиий газ экспорти учун муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Янги уч томонлама форматнинг "яшил" кун тартиби ҳам бирдек муҳим. 2024 йил май ойида Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон Марказий Осиёда ишлаб чиқариладиган қайта тикланадиган энергияни Озарбайжонга ўтказиш учун Каспий денгизи орқали юқори вольтли кабель қуришга келишиб олдилар. У ердан Қора денгиз бўйлаб кабель тизимига уланиши мумкин, бу лойиҳа кейинги ўн йиллик охирига қадар якунланиши режалаштирилган. Каспий ва Қора денгизларни боғловчи бу икки қисмли ташаббус Европа бозорларига "яшил" энергия оқимини кескин ошириши мумкин.
Ўзбекистоннинг жадал кенгайиб бораётган истеъмол бозори, Ипак йўлида муҳим жуғрофий жойлашуви ва "яшил" энергия экспорти салоҳиятининг ортиб бораётгани унинг ривожланаётган Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон уч томонлама форматидаги муҳим ролини белгилайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари