Япониядан муносабат: Ўзбекистон Осиёнинг етакчи спорт давлатларидан бири сифатидаги мақомини мустаҳкамлади

Октябрь 09, 2026. 13:00 • 3 дақ

• 216
Япониядан муносабат: Ўзбекистон Осиёнинг етакчи спорт давлатларидан бири сифатидаги мақомини мустаҳкамлади

ТОКИО, 9 октябрь. /“Дунё” АА/. Япониянинг “The Asahi Shimbun” газетаси мухбири Юри Имамура “Дунё” ахборот агентлигига Аичи–Нагояда бўлиб ўтган ХХ ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоасининг иштироки бўйича таассуротлари билан ўртоқлашди:

– Ўзбекистон спорт делегациясининг Аичи–Нагоядаги ХХ ёзги Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этиши мамлакатнинг Осиёдаги етакчи спорт давлатларидан бири сифатидаги мақомини янада мустаҳкамлади.

Ўйинларда Ўзбекистон спортчилари 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза медали – жами 70 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллади. Мамлакат 2023 йилда Ханчжоуда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида ҳам худди шундай натижа қайд этган эди. Шу билан бирга, олтин медаллар сони бўйича Ўзбекистон Ҳиндистон билан тенглашди.

Ушбу натижалар Ўзбекистонда спорт ривожи барқарор ва тизимли асосга эга эканини кўрсатади. Мамлакатнинг кучли томонларидан бири яккакурашлар бўлиб қолмоқда. Бу дзюдо ва юнон-рум курашида яна бир бор яққол намоён бўлди.

Спорт делегациясининг кўлами ва хилма-хиллиги ҳам менда катта таассурот қолдирди. Мусобақаларда спортнинг 42 тури бўйича 396 нафар спортчи – 224 нафар эркак ва 172 нафар аёл иштирок этди. Анъанавий равишда кучли бўлган бокс ва кураш билан бир қаторда, ўзбек спортчилари велоспорт, елканли спорт, гольф ва регби бўйича ҳам ўз маҳоратларини намойиш этди.

Айниқса, 172 нафар спортчи хотин-қизнинг иштироки алоҳида эътиборга лойиқдир. Бу мамлакатда аёллар спорти ва инфратузилмаси жадал ривожланаётганидан далолат беради.

Шунингдек ўқинг

Мен Ўзбекистонни нафақат спорт соҳасида ёритаман, балки бу мамлакатга бир неча бор ташриф буюрганман. Ҳар гал ўзбек ёшларининг ғайрати ва ривожланишга бўлган интилишини ҳис қиламан. Аҳоли таркибида ёшларнинг салмоғи юқорилиги мамлакатда кечаётган ўзгаришларнинг муҳим омилларидан биридир.

Ёш авлоднинг янги мамлакат барпо этиш йўлидаги интилиши халқаро спорт майдонларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Мен буни ўзига хос “Ўзбекистон руҳи” – куч-ғайрат, юксалишга интилиш ва мақсад сари собитқадамлик деб биламан.

Давлатнинг ёш иқтидорларни аниқлаш ва тарбиялашга йўналтираётган сармояси спортчиларнинг меҳнатсеварлиги, ватанпарварлиги ва интилиши билан уйғунлашиб, медалларга айланмоқда. Шу маънода, спортдаги натижалар бугун Ўзбекистонда кечаётган тараққиёт жараёнларини акс эттиради.

Аичи–Нагоядаги натижа Ўзбекистон ривожланаётган спорт мамлакатидан Осиёнинг тўла шаклланган спорт давлатига айланиб улгурганини яна бир бор исботлади.

Ўзбекистонлик спортчиларнинг муносиб иштироки Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик ҳамда ўзаро ҳурмат ришталарини янада мустаҳкамлашда муҳим кўприк бўлиб хизмат қилишига ишончим комил.

Ўзбекистон спортчиларининг юксак натижаларини олқишлаган ҳолда, уларнинг жаҳон спорт майдонларидаги янги зафарларини катта қизиқиш билан кутиб қоламан.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш